Илк бор робот-талаба
2025 йил сентябр ойида Хитойда таълим ва технологиялар соҳаси учун тарихий воқеа юз берди. Инсонсимон робот XueBa 01 («Сюэба 01») илк бор робот-талаба сифатида нуфузли Шанхай театр институти (ШТИ) докторантурасига қабул қилинди. У саҳна санъати факультетида «Рақамли намойишлар дизайни» ихтисослиги бўйича таълим олади.
Тўрт йиллик дастур мультимодал ўзаро таъсир, бадиий ифодаланиш ва когнитив ривожланиш соҳасидаги тажрибавий ўқитиш усулларини ривожлантиришга қаратилган.
«Сюэба 01» ким?
«Сюэба» сўзи хитойча сўзлашув тилида «аълочи» ёки «юксак натижаларга эришган кенг дунёқарашли шахс» деган маънони англатади. Робот мандарин тилида мулоқот қила олади, унинг бўйи 1,75 м, оғирлиги 32 кг. Силикон тери туфайли у жуда ифодали мимикага эга, ички «қурилмаси» инсон мушакларига ўхшаш қилиб яратилган.
Лойиҳа муаллифларининг айтишича, «Сюэба 01» 100 дан ортиқ турли юз ифодаларини намоён эта олади, бўйи ва ташқи кўринишини ўзгартира олади, шунингдек, томошабинлар реакциясига қараб чиқишини реал вақтда мослаштиради. Ҳозирча у Хэнань, Шанхай ва Пекин анъанавий операларидан парчаларни ижро эта олади, аммо унинг ҳаракатларига ҳали ҳам етарлича сўфлиқ ва эстетик чирой етишмайди.
Фан ва санъат ҳамкорлиги
Робот ШТИ, Шанхай политехника университети (ШПУ) ва Zhuoyide Robotics компанияси ҳамкорлигида яратилган. Лойиҳанинг асосий мақсади — санъат билан сунъий интеллектни бирлаштириш, яъни янги ижодий ҳамкорлик шаклларини яратишдир.
ШПУ Машинавий интеллект институтининг ижрочи директори Ли Цинду таъкидлаганидек, «Сюэба 01» — бу 2025 йилда инсонсимон роботлар ўртасида ўтказилган Пекин ярим марафонида учинчи ўринни эгаллаган «Синчжэ №2» роботининг такомиллаштирилган версиясидир.
Талабалар муҳитига мослашиш
Робот эканлигига қарамай, «Сюэба 01» курсдошлари билан фаол мулоқотда бўлади: саҳна асарларини муҳокама қилади, рақс ҳаракатларини ўрганади ва ҳатто иш муҳитини яратишга ёрдам беради. Зарур ҳолларда у «оқ шовқин» режимида ишлай олади — бу баланд, ўртача ва паст частоталардаги барқарор акустик сигнал бўлиб, стрессни камайтиради ва безовта қилувчи товушларни яширади.
Келажак санъати
Тадқиқотчиларнинг фикрича, «Сюэба 01» — бу нафақат инсонлардан ўргана оладиган, балки уларни янги бадиий талқинларга илҳомлантира оладиган эмоционал ифодали машиналарни яратиш йўлидаги муҳим қадамдир. Келгусида бундай технологиялар санъат чегараларини кенгайтиради, уни янада очиқ ва инновацион қилади.
