Польшадаги Николай Коперник университети олимлари аниқладиларки, бинафша рангли сабзавот ва мевалар инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Кўк мевалар (черника), қора смородина, бинафша батат ва қизил карам организмнинг жисмоний юкламадан кейин тезроқ тикланишига ёрдам беради ва ҳужайраларни қаришдан ҳимоя қилади.
Бу таъсирнинг асосий сабаби — антоцианлар, яъни ўсимликларга бинафша тус берувчи табиий пигментлар. Улар антиоксидант тизимини фаоллаштиради, яллиғланишни камайтиради ва юрак-қон томир тизими фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Nutrients журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, антоцианлар Nrf2 ва NF-κB каби муҳим ҳужайра йўлларига таъсир кўрсатади. Бу эса организмга оксидланиш стрессини енгишга ёрдам беради — яъни чарчоқ, яллиғланиш ва тўқима шикастланишининг олдини олади. Бундай маҳсулотларни мунтазам истеъмол қиладиган одамлар жисмоний бардошлироқ бўлади ва сурункали касалликларга камроқ чалинади.
Шу билан бирга, антоцианлар озиқ-овқат орқали организмга кирганда фақат 2% атрофида сўрилади. Шу сабабли олимлар уларнинг самарадорлигини ошириш йўлларини изламоқдалар: микрокапсулаланган ва наноэмульсия шаклларини ишлаб чиқмоқда ҳамда бинафша маҳсулотларни С витамини билан бирга истеъмол қилишни тавсия этмоқдалар.
Муаллифлар таъкидлайдилар: бинафша рангли сабзавот ва меваларни кундалик рационга қўшиш — соғломликни мустаҳкамлаш, ёшликни сақлаш ва жисмоний ҳолатни яхшилашнинг оддий ва хавфсиз усулидир.
