Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимида замонавий рақамли ечимларни жорий этиш ишлари изчил давом этмоқда. Бу аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва уларни янада қулай қилишга қаратилган муҳим қадамдир.
Бирлашма жамоаси “Ташаббусли бюджет — 2025” лойиҳасининг 2-мавсумида фаол иштирок этиб, ғолибликка эришди. Шу туфайли тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустахкамлаш мақсадида замонавий рақамли жиҳозлар харид қилинди:
🔹 170 та моноблок компьютер
🔹 20 та МФУ принтер
🔹 8 та инфокиоск
Ушбу техникалар тиббиёт бирлашмаси фаолиятини автоматлаштириш, ҳужжат айланишини тезлаштириш ва беморларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади. Инфокиосклар орқали фуқаролар электрон навбат олиш, маълумотлар билан танишиш ва бошқа хизматлардан мустақил фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Яқинда 4ir4ik.uz портали 2026 йилда Чирчиқ шаҳрида “Ақлли шаҳар” тизимини жорий этиш бошланиши ҳақида хабар берди. Рақамлаштириш жараёни шаҳар тиббиёт бошқарувини ҳам қамраб олади. Айни пайтда ушбу йўналишда ишлар қизғин давом этмоқда.
Рақамлаштириш Чирчиқ тараққиётининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда — тиббиёт соҳаси ҳам бунда истисно эмас.


