Ўзбекистонда йирик транспорт ислоҳоти бошланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев пойтахт жамоат транспортини агломерацион форматга ўтказишни топширди. Бу янгича ёндашув Тошкентни яқин атрофдаги шаҳар ва туманлар билан боғлайди. Ва, энг муҳими, бу ўзгаришлардан Чирчиқ ҳам бевосита таъсирланади.
Нима ўзгаради — 2025 йил сентябридан бошлаб
2025 йил 1 сентябридан:
- 20 та мавжуд автобус маршрути ҳалқа йўлидан ташқарига 15–20 км гача узайтирилади;
- 6 та янги маршрут очилади;
- Сентябргача Тошкентга 200 та янги автобус, йил охиригача яна 1000 та автобус келтирилади.
Бу чоралар Тошкент вилоятидан ҳар куни келадиган 275 минг кишига (умуман 1 миллионга яқин) пойтахтга келиб-кетишни енгиллаштириш учун амалга оширилади.
Агломерацион ёндашув нима дегани?
Ҳозирги кунда маршрутлар аниқ ажратиб қўйилган: шаҳар транспорти фақат Тошкент ичида ҳаракат қилади, энг кўп деганда ТТЗ каби автовокзалларгача боради. Кейин одамлар шаҳарлараро маршрутларга ўтиб олади. Бу эса вақт ва куч талаб этади.
Агломерацион модел бундай чегараларни бекор қилади. Янги тизимда шаҳар транспорти тўғридан-тўғри яқин шаҳарларгача боради. Яъни, тахминан, Тошкент автобуси Чирчиққача етиб бориши мумкин бўлади.
Чирчиқ бундай форматни аввалдан билганми?
Ҳа, маълум маънода. Масалан, 198-сон автобуслар ҳозирнинг ўзида Троицкдаги Жисмоний тарбия университетигача боради. Бу ҳам Тошкентдан ташқари ҳудуд ҳисобланади. Аммо янги модел кенгроқ ва расмийроқ бўлади — Чирчиқ тўлиқ транспорт тармоғига қўшилиши мумкин.
Шаҳарлараро йўналишлар учун қандай ўзгаришлар бўлади?
Ташувчилар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган:
- Ҳар бир йўловчи учун субсидиялар;
- Автобус ва микроавтобуслар учун утиллашга имтиёзлар;
- Божхона божидан 3 йилгача озод қилиш.
Бунга жавобан ташувчилар:
- Жадвалга аниқ риоя қилишлари,
- Электрон тўлов тизимларини жорий этишлари керак бўлади.
Ақлли транспорт тизими ва йўллар ривожи
Тошкентда ақлли транспорт тизими жорий этилади:
- 700 дан зиёд чорраҳалар, светофор ва камералар масофадан бошқариш тизимига уланади;
- Бу шахарда тирбандликни 25–30% га камайтиради;
- Лойиҳа Хитой инвестицияси орқали амалга оширилади;
- 200 км йўл ва 4 та кўприк таъмирланади.
Шунингдек, Тошкент–Самарқанд–Термиз, Тошкент–Фарғона, Самарқанд–Бухоро йўналишларидаги йўллар текширилади. Қайси жойларда:
- Эстакадалар,
- Ерости ва ер устидан ўтишлар,
- Ёруғлик акс эттирувчи белгилар ва чизиқлар кераклиги ўрганилади.
Бу ишлар учун халқаро ташкилотлардан 200 млн доллар маблағ жалб этиш режалаштирилган.
Чирчиқ учун нима аҳамиятли?
Агар Чирчиқ агломерацион моделга қўшилса:
- Йўловчилар учун пойтахтга бориш анча енгил ва тез бўлади;
- Иш, ўқиш, тиббиёт ва маданият марказларига етиб бориш осонлашади;
- Бу туман аҳолиси ҳаёти сифатини оширади, иқтисодий фаолликни кучайтиради.
Шаҳар бунга тайёрми? Вақт кўрсатади. Лекин битта нарса аниқ: Чирчиқнинг транспорт келажаги — ҳаракатда.
