Чирчиқ шаҳрида бугунги кунда уй-жой қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Шаҳарнинг турли ҳудудларида бир нечта йирик турар жой мажмуалари барпо этилмоқда, янги қурилаётган уйлар ҳақидаги реклама эса кўча ва интернетда тез-тез учрамоқда. Шу билан бирга, кўплаб аҳолида савол туғилади: бундай лойиҳалар қай даражада ишончли ва дольщиклар манфаатлари қандай ҳимоя қилинмоқда?
Давлат қурилиш соҳасида назоратни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу орқали қурилиш ишларининг сифатли олиб борилиши, объектларнинг белгиланган муддатда топширилиши ва харидорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши таъминланади. Назорат механизмларидан бири сифатида айрим муаммоли ёки тугалланмаган объектлар очиқ аукционга чиқарилмоқда.
Яқинда E-auksion электрон савдо майдончасида Чирчиқ шаҳридаги тугалланмаган турар жой биноси савдога қўйилди. Гап шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивидаги етти қаватли бино ҳақида бормоқда.
Бинонинг умумий майдони 3724 квадрат метр, у жойлашган ер майдони эса 465 квадрат метрни ташкил этади. “Қишлоққурилишлойиҳа” маълумотига кўра, объектда қурилиш-монтаж ишлари тахминан 80 фоизга бажарилган.
Шу билан бирга, бино ташқи ва ички безак ишлари тўлиқ якунланмаган ҳолда, шунингдек муҳандислик коммуникациялари уланмасдан сотувга чиқарилмоқда.
Объектнинг бошланғич нархи 28,81 миллиард сўм этиб белгиланган. Аукцион 30 март куни соат 10:00 да бўлиб ўтади. Аризалар эса шу куни 09:00 гача қабул қилинади.
Савдо Тошкент шаҳарлараро иқтисодий ишлар бўйича суд қарорiga мувофиқ ташкил этилган бўлиб, уни Мажбурий ижро бюроси ўтказмоқда.
Бундай очиқ аукционлар тугалланмаган ёки муаммоли объектларни қайта инвестицияга жалб қилиш ва қурилиш ишларини якунига етказишга хизмат қилади.
