2 сентябрь куни Чирчиқ шаҳридаги барча умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан шаҳардаги 25 та мактабда «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Янги ўқув йилининг илк кунида шаҳар ҳудудидаги барча даражадаги раҳбарлар умумтаълим мактабларига бириктирилиб, тантанали тадбирларда иштирок этдилар.
Маросимларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари, устоз ва мураббийларига янги ўқув йили муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Ўқувчилар ва педагоглар янги ўқув йили билан самимий муборакбод этилди. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, янги ўқув йили арафасида капитал реконструкциядан чиқарилган 18-умумий ўрта таълим мактабида ҳам байрам тадбири ташкил этилди. Унда Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдурахимов иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати С.Файзиева иштирок этиб, ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни янги ўқув йили ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этди. Давлатимиз раҳбарининг махсус табриги ҳам ўқиб эшиттирилди.
Тадбир давомида мактабнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги томонидан электрон кутубхона ташкил этиш учун 100 миллион сўмлик ваучер топширилди.
Ушбу маблағ ҳисобидан ташкил этиладиган электрон кутубхона ўқувчиларнинг замонавий ахборот ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса ёшларнинг китоб мутолаасига қизиқишини ошириш, мустақил билим олиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда таълим жараёнини янада бойитишга хизмат қилади.
Чирчиқ шаҳридаги бошқа мактабларда ҳам «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари байрамона руҳда ўтказилди. Ўқувчилар томонидан Ватанга муҳаббат, она юртга садоқат, устозга ҳурмат ва илмга интилишни тарғиб этувчи шеърлар, қўшиқлар ва бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Янги ўқув йилида Чирчиқ шаҳрида 3 минг 331 нафар биринчи синф ўқувчиси мактаб остонасига илк бор қадам қўйди. Уларга 12 турдаги ўқув анжомларидан иборат «Президент совғалари» тантанали равишда топширилди.
Илк қўнғироқ садолари остида янги ўқув йилига старт берилди. Энди олдинда янги билимлар, янги кашфиётлар ва янги ютуқларга бой ўқув йили турибди.
Янги ўқув йили барча чирчиқлик ўқувчилар учун билим, муваффақият ва эзгу орзулар рўёби йили бўлсин!
*Фото – пресс-служба хокимията города Чирчик
