Ўзбекистонда хусусий мактаблар ва болалар боғчаларига мактабга йиллик тайёргарлик гуруҳларини очишга рухсат берилади. Келгуси йилдан бу формат 12 йиллик мажбурий умумий ўрта таълимнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Бу ҳақда президент ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда маълум қилинди.
Аввал мактабга тайёргарлик фақат умумтаълим мактаблари ва давлат болалар боғчаларида олиб борилиши режалаштирилган эди. Энди эса жараёнга хусусий таълим муассасалари ҳам жалб этилади. Бу болалар қамровини кенгайтириш ва таълим хизматлари бозорида рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
2027–2028 ўқув йилидан мактабга тайёргарлик гуруҳларида таълим олган болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат берилади. Ушбу маълумот кейинчалик умумий ўрта таълим тўғрисидаги аттестатга киритилади.
12 йиллик таълим тизимига ўтиш миллий таълимни халқаро стандартларга яқинлаштириш, шунингдек, битирувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларига киришини осонлаштиришга қаратилган. Янги тузилма қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
- 1 йил — тайёрлов босқичи;
- 4 йил — бошланғич таълим;
- 5 йил — базавий умумий ўрта таълим;
- 2 йил — умумий ўрта таълим.
Тақдимотда мактабгача таълим боланинг интеллектуал, ижтимоий ва маънавий ривожланишида ҳал қилувчи босқич экани алоҳида таъкидланди. Болалар боғчаларида болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда ўйинли таълим модели жорий этилиши, ўқув муҳитини эса хориж тажрибаси асосида янгилаш режалаштирилган.
Ҳозирда мамлакатда болалар боғчалари билан қамров 78 фоизга етган. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 70 фоиздан паст. Қамровни ошириш мақсадида янги боғчалар очиш, шунингдек, «Янги авлод» номли давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини яратиш кўзда тутилган.
Бу ўзгаришлар Чирчиқ шаҳрига ҳам бевосита тааллуқли бўлиб, шаҳарда хусусий боғчалар ва мактаблар фаолиятини ривожлантириш, таълим инфратузилмасини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
