Москвада бўлиб ўтадиган Халқаро янтар форуми доирасида 35–40 миллион йиллик тарихга эга таракан сақланган янтар тоши тақдим этилади. Бу ноёб табиий инклюз Калининграддаги «Ростех» таркибига кирувчи янтар комбинатида топилган.
Комбинатнинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Мария Журавель маълум қилишича, тошнинг бошланғич баҳоси 12 минг рублни ташкил этади. Аммо аукцион давомида нарх ўнлаб баробар ошиши мумкин. Аукцион 31 июлдан 3 августгача ВДНХнинг 57-павильонида ўтказилади.
Қадимги янтар тошларида ҳашаротлар, ўсимликлар ва ҳатто кичик умуртқали жонзотлар сақланиб қолган ҳолда учрайди. Бундай топилмалар коллекционерлар ва палеонтологлар учун жуда қадрли — улар Ер юзидаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурни бойитади.
Сиз тараканларни ёқтирасизми-йўқми — гап бунда эмас. Коллекционерлар бундай “музлаб қолган” тарихий намуна учун анча маблағ сарфлашга тайёр. Сиз шундай бир тош учун қанча тўлар эдингиз?
