Илм-фан тараққиётига қарамай, Ер юзидаги барча жонзотлар ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаган. 2025 йилда олимлар 70 дан ортиқ янги ҳайвон турини тасвирлаб берди. Улар орасида миниатюра қурбақалар, чуқур денгиз жонзотлари, камёб қушлар ва ғайриоддий ҳашаротлар бор.
Қуйида йилнинг энг қизиқарли кашфиётлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.
Чуқурликда яшайдиган «блинчик» саккизпой
Австралия соҳиллари яқинида, бир километрдан ортиқ чуқурликда жуда кичик саккизпой топилди. Унинг танаси желега ўхшаш бўлиб, хавф туғилганда тубга ётиб, деярли ясси ҳолатга кела олади. Бу хусусият унга душманлардан яшириниш имконини беради.

«Шохчали» асалари
Австралияда янги турдаги асалари аниқланди. Унинг урғочи жинсларида бош қисмида майда шохчалар мавжуд бўлиб, эркакларида бундай белги йўқ. Шу хусусияти сабабли олимлар унга шартли равишда «Люцифер» асалариси деб ном беришган.
Ҳозирча бу шохчаларнинг аниқ вазифаси номаълум. Тахминларга кўра, улар ин қуришда, ҳимояда ёки айрим камёб гуллардан нектар олишда ёрдам бериши мумкин.

«Қовоқранг» қурбақа
Бразилиянинг тоғли туманли ўрмонларида жуда ёрқин, апельсинранг кичик қурбақа топилди. Унинг ўлчами 14 миллиметрдан ошмайди. Ёрқин ранг эҳтимол заҳарли эканини билдирувчи огоҳлантирувчи белги ҳисобланади.

Анд тоғларидаги опоссум
Перу Андида, 2600 метрдан юқори баландликда янги турдаги кичик сумкали ҳайвон — опоссум аниқланди. Ҳозирча у ҳақидаги маълумотлар жуда чекланган, чунки фақат биргина намуна топилган.
Янги, хавфли, аммо илмий жиҳатдан қимматли чаён
Эроннинг жануби-шарқида янги турдаги чаён аниқланди. У хавфли ҳисобланишига қарамай, унинг заҳари тиббиёт учун жуда қимматли бўлиши мумкин. Олимлар фикрича, ҳар бир чаён турининг заҳари таркибида турли биологик фаол пептидлар мавжуд бўлиб, улар замонавий оғриқ қолдирувчи, микробларга қарши ва ҳатто ўсмага қарши дорилар яратишда қўл келиши мумкин.

Ўрмонга боғлиқ ноёб балиқ
Кениядаги қадимий ўрмон ботқоқликларида янги турдаги жуда ёрқин рангли балиқ топилди. Унинг ҳаёти фақат мавсумий сув ҳавзаларига боғлиқ бўлиб, яшаш ҳудуди жуда чекланган.
Сапфир каби кўк капалак
Анголадаги тоғли ўрмонларда кўк рангда ялтиллаб турадиган гўзал капалак очилди. У фақат жуда кичик ҳудудда яшайди ва ўрмонларни сақлаб қолишга тўлиқ боғлиқ.
Гималай кўршапалаги
Ҳиндистоннинг Ғарбий Гималай ҳудудида янги турдаги кўршапалак тасвирланди. Унинг думи жуда узун бўлиб, ташқи кўриниши билан бошқа яқин турлардан кескин фарқ қилади.
Атлантика океанида янги манта
Олимлар Атлантика океанида улкан скат — мантанинг янги тури мавжудлигини тасдиқлади. У соҳилга яқин яшайди, шу сабабли инсон фаолиятидан кўпроқ зарар кўради.

Жеймс Бонд номи берилган калтакесак
Ямайка оролида янги турдаги калтакесак очилди ва у машҳур қаҳрамон Жеймс Бонд шарафига номланди. У ўрмонларда яшайди ва камдан-кам кўзга ташланади.
Нима учун янги турлар дарҳол хавф остида қолади?
Янги очилган ҳайвонларнинг аксарияти эндемик, яъни жуда кичик ҳудудда яшайди. Ўрмонларни кесиш, иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти уларнинг йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.
Бу каби кашфиётлар нафақат жаҳон илми, балки Чирчик каби шаҳарлар учун ҳам табиатни асраш қанчалик муҳим эканини яна бир бор эслатади.обные научные открытия — напоминание о хрупкости экосистем и важности бережного отношения к природе.
