Ракамлаштириш вазирлиги маълум қилишича, Gemini чат-боти ўзбек тилини қўллаб-қувватлай бошлади. Шу тариқа, ИИ-ассистент эндиликда фойдаланувчилар билан инглиз, рус ёки украин тиллари билан бирга ўзбек тилида ҳам мулоқот қила олади. Жами тахминан 40 та тил қўллаб-қувватланмоқда.
Вазирлик таъкидлашича, Gemini’га ўзбек тилининг киритилиши Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва AI-экотизимни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Бу мутахассислар, тадбиркорлар ва кенг жамоат учун замонавий ечимлардан она тилида фойдаланиш имконини яратади.
Шунингдек, шу йил кузда Ўзбекистонда Google AI Plus обунаси ҳам ишга тушгани эслатиб ўтилди. Обуна нархи — ойига $5.
Gemini нима?
Gemini — Google томонидан яратилган ИИ-моделлар туркуми бўлиб, у чат-бот ва шахсий ёрдамчи сифатида фойдаланувчи билан мулоқот қилиш, матн яратиш, код ёзиш ва расм генерация қилиш имкониятига эга. Хизматнинг илк версияси 2023 йил март ойида ишга туширилган.
