Европа Иттифоқи болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни чекламоқчи. Бу бизга ҳам таъсир қиладими?

Европа Иттифоқи болаларнинг рақамли хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган энг йирик ташаббуслардан бирини тайёрламоқда. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, жорий йил кузида ЕИнинг барча 27 давлатида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга оид қонунчилик таклифлари тақдим этилиши мумкин.

Гап ижтимоий тармоқларни тўлиқ тақиқлаш ҳақида эмас. Таклифга кўра, 13 ёшгача бўлган болалар бундай платформалардан фақат ота-онаси, васийси ёки ўқитувчиси назорати остида ва чекланган вақт давомида фойдаланиши мумкин бўлади. Ёш улғайган сари бу чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилади. Шунингдек, фойдаланувчиларни узоқ вақт экран олдида ушлаб турувчи чексиз лента, автоматик видеоюқиш каби функцияларга эга сервисларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, бугунги кунда асосий савол болалар интернетда хавфларга дуч келадими-йўқми эмас, балки улар учун рақамли муҳитни қандай қилиб хавфсизроқ қилиш мумкинлигидадир. Шу боис мутахассислар масъулият нафақат ота-оналар, балки платформалар эгалари зиммасида ҳам бўлиши керак, деб ҳисобламоқда.

Бу мавзу фақат Европа учунгина долзарб эмас. Австралия, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон ва АҚШ каби қатор давлатларда ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича шунга ўхшаш чоралар муҳокама қилинмоқда ёки аллақачон жорий этилган. Айрим ҳолларда гап нафақат ижтимоий тармоқлар, балки болаларда қарамликни келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа рақамли сервислар ҳақида ҳам бормоқда.

Чирчиқликлар учун бу муаммо янгилик эмас. Кечки пайт шаҳар сайилгоҳи, Навоий кўчаси ёки боғлардан бирида сайр қилинг — кўплаб ўсмирлар юзма-юз мулоқот қилиш ўрнига смартфон экранига термилиб ўтирганини кўрасиз. Ҳатто сайр пайтида ҳам кўпчилик вақтни ижтимоий тармоқларда ўтказади. Агар катталарнинг ўзи баъзан телефонда бир неча соат ўтиб кетганини сезмай қолса, болалар учун бундай рақамли қарамликдан чиқиш янада қийин.

Ўзбекистонда ҳам шундай чекловлар жорий этиладими ёки йўқми, бу ҳақда ҳозирча гапиришга эрта. Аммо дунёдаги тенденцияни ҳисобга олсак, келажакда бу масала мамлакатимизда ҳам муҳокама қилиниши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозирча эса энг самарали чора — ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз. Телефонни бир четга қўйиб, дўстлар билан жонли мулоқот қилиш, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш ёки янги қизиқиш топиш ҳар қандай ҳолатда ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading