OpenAI компанияси маълум қилдики, фойдаланувчиларнинг сунъий интеллект билан бўлган баъзи ёзишмалари ходимлар томонидан текширилиши мумкин. Агар тизим хабарларда зўравонлик, қурол яратиш ёки бошқаларга хавф солувчи мазмунни аниқласа, ёзишмалар махсус гуруҳ мутахассисларига йўналтирилади. Улар аккаунтдан фойдаланишни чеклаш керакми-йўқми деган қарор қабул қилади, очиқ таҳдид ҳолатида эса маълумот ҳуқуқ-тартибот органларига топширилиши мумкин.
Шу билан бирга, компания қоидалари аниқ ифодаланмаган. Маълумки, ChatGPT’дан ўз жонига қасдни тарғиб қилиш, зарар етказиш, сервисларни бузиш ёки қурол ишлаб чиқиш учун фойдаланиш мумкин эмас. Бироқ қайси аниқ ибора ёки сўров одамлар томонидан текширилишига олиб келиши ҳақида OpenAI очиқ маълумот бермаган.
Қизиғи шундаки, ўзини шикастлаш ёки суицид ҳолатларида компания полицияга мурожаат қилмайди. OpenAI бу ҳолатларни жуда шахсий деб ҳисоблайди ва ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашуви мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди.
Контекст ва танқид
Бу баёнот ортидан компанияга бўлган танқид янада кучайди. ОАВда чат-ботлар одамларни хавфли қарорларга ундаган воқеалар ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Шу пайтгача OpenAI тизим хавфсизлигини ошириш бўйича умумий ваъдалар билан чекланган эди, янги қоидалар эса аниқроқ қадам сифатида қабул қилинмоқда.
Қўшимча тортишувга The New York Times газетаси билан суд жараёни ҳам сабаб бўлмоқда. Нашр миллионлаб ёзишмалар логларини талаб қилмоқда — улар орқали ўз материаллари ChatGPT’ни ўқитиш учун ишлатилган-йўқлигини аниқламоқчи. OpenAI эса фойдаланувчилар махфийлигини ҳимоя қилишни асос қилиб кўрсатмоқда ва очиқланиши мумкин бўлган маълумот ҳажмини қисқартиришга интилаётганини билдирмоқда.
Ишонч ва махфийлик
Бу янгиликлар сунъий интеллект билан ёзишмалар қанчалик махфий сақланиши борасидаги шубҳаларни янада кучайтирди. Мутахассислар таъкидламоқда: чат-бот «иқрорхона»га айланмаслиги керак, чунки барча мавзуларни алгоритм билан муҳокама қилиш хавфсиз эмас.
