Dubai AirShow 2025 доирасида америкалик LIFT Aircraft компанияси шахсий фойдаланишга мўлжалланган LIFT HEXA учувчи автомобилининг серия олди талқинини тақдим этди. Бу — янги авлод шаҳар авиациясидаги энг кутилган лойиҳалардан бири.
HEXA FAA Powered Ultralight тоифасига киради, шу боис уни бошқариш учун тўлиқ учувчилик гувоҳномаси талаб этилмайди. Қисқа ўқув курсини тамомлашнинг ўзи кифоя — шундан сўнг уни деярли ҳар қандай киши бошқариши мумкин. Бошқарув джойстик ёки ҳатто iPad орқали амалга оширилади.
LIFT HEXA’нинг асосий техник кўрсаткичлари
- баландлиги — 2,6 м
- узунлиги — 4,5 м
- йўловчисиз вазни — 200 кг
- винтлар сони — 18
- максимал тезлик — 101 км/соат
- крейсер тезлиги — 72 км/соат
- максимал кўтарилиш баландлиги — 350 м атрофида
- парвоз вақти — 20 дақиқагача
- максимал пилот вазни — 100 кг гача
Корпус карбон толасидан ишланган. Ҳаракатланиш 18 та мустақил электродвигатель ва уларга боғланган батареялар орқали таъминланади — бу тизим хавфсизлигини оширади.
Ишлаб чиқарувчининг фикрича, бундай учувчи аппаратлар келажакда шахсий ҳаво транспортининг оммавий турига айланиб, шаҳар йўлларидаги тирбандликни камайтиришга хизмат қилади.
