Чирчиқда мунтазам равишда экологик акциялар ўтказилиб, янги дарахтлар экилади, гулзорлар ва яшил ҳудудлар яратилади. Хусусан, 20 июнь куни иккинчи ерости ўтиш йўлагининг очилишига тайёргарлик жараёнида бир нечта манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилиб, ҳудуд янада кўркамлаштирилди.

Бироқ янги объектни тасвирга олиш чоғида 4ir4ik.uz мухбирлари кечагина соя-салқин бериб турган соғлом ва катта дарахтлар ўрнида янги кесилган пўнкларни кўришди. Бу дарахтлар ким томонидан ва нима сабабдан кесилгани, эҳтимол, номаълумлигича қолади. Бу эса ачинарли ҳолат.

Экилган кўчатларнинг қанчаси илдиз отиши ва бугуннинг ўзида фойда келтириб турган улкан дарахтлар ўрнини эгаллаши учун яна неча йил керак бўлиши ҳозирча номаълум. Беихтиёр савол туғилади: бу дарахтлар кимга халақит берган эди?

Афсуски, бундай ҳолатлар кўпинча жазосиз қолмоқда. Балки қўшнилар ёки атрофдагилар дарахтларни кесишганини кўргандир, аммо ҳеч ким бу ҳақда тегишли идораларга мурожаат қилмаган. Ҳа, кўп нарсалар кўз ўнгимизда, бизнинг жим розилигимиз билан содир бўлмоқда.
Яна бир долзарб муаммо — шаҳарнинг тобора бетонлашиб бораётганидир. Чирчиқ аста-секин бетон қопламаси остида қолмоқда. Деярли ҳар бир янги тижорат объекти атрофида яшил ҳудудлар ўрнини бетон майдончалар ва автотураргоҳлар эгалламоқда.
Бунга мисол сифатида шаҳар боғи ҳудудидаги соҳилбўйининг бош қисмида жойлашган стритфуд павильонини келтириш мумкин. Амалда яшил ҳудуд ҳисобланган жойда шунчалик катта ҳажмда бетон ишларини ким маъқуллаган? Бу қарорлар замонавий шаҳарсозлик ва экологик ёндашувларга қай даражада мос келади?

Балким, бу саволлар нафақат мутасадди идораларга, балки тадбиркорларнинг ўзига ҳам тегишлидир. Қачон бизнес ҳақиқатан ҳам масъулиятли ва экологик ёндашувга эга бўлади? Қачон фойда ортидан қувиш шаҳар ва табиатга ғамхўрлик билан уйғунлашади?
Аммо саволлар биз, Чирчиқ аҳлига ҳам тегишли. Бефарқ бўлмаслик, четдан томошабин бўлиб қолмаслик, савол бериш, қонунбузарликлар ҳақида экология, ободонлаштириш ва тартиб учун масъул идораларга хабар бериш керак. Чунки шаҳар — бу фақат бинолар ва йўллар эмас. Бу, аввало, дарахтлар, соя, салқинлик ва фарзандларимиз нафас оладиган мусаффо ҳаводир.
Ва бир куни уйғониб, яшилликдан кўра бетон кўпроқ бўлган шаҳарда яшаб қолаётганимизни англашни ҳеч ким истамаса керак.
