Тасаввур қилинг, деярли 2750 метр баландликдаги тик жарда қурилган уй. Унга олиб борувчи йўл энгашиб кетган ва махсус жиҳозсиз ҳар ким ҳам бора олмайди. Туристлар бу ерга етиб бориш учун тахминан беш соат вақт сарфлайди. Аслида эса бу уй бир асрдан зиёд аввал — Биринчи жаҳон уруши пайтида қурилган.
Гап Buffa di Perrero номли кичик хижина ҳақида кетмоқда. Унга дунёдаги энг ёлғиз уй, деб ном берганлар.
Жарда қурилган уй
Бу тарих Италия ва Австро-Венгрия қўшинлари ўртасидаги қонли жанглар даврига бориб тақалади. Итальян аскарлари ҳаракатларни яхшироқ мувофиқлаштириш учун кичик кузатув ва штаб нуқтаси барпо қилишга қарор қилишган. Уларга майор Карло Буффа ди Перреро раҳбарлик қилган, хижина шунинг учун унинг номи билан аталган.
Аскарлар табиий ғорни танлашди. Кириш қисми девор билан ёпилди, икки эшик ва тўртта ойнa қўйилди, ғор олдида эса тор айвон ясалди. Тепасини оддий том билан ёпишди, ичи эса хом тахталар билан безатилди.
Материалларни шундай баландликка олиб чиқиш деярли имконсиздек туюларди. Лекин аскарлар уддалади ва хижина мудофаа чизиғида муҳим нуқтага айланди.
Уруш излари тоғларда
Бугунги кунда Доломитларда бу йўл «жанг шон-шарафи йўли» сифатида машҳур. Туристлар ҳанузгача ўша вақтдан қолган траншеялар, мустаҳкамланган нуқталар ва тўплар жойлашган масканларни кўриб қолишади.
Buffa di Perrero сақланиб қолган ва реконструкция қилинган. Энди у инсон жасорати ва ихтирочилигининг рамзи ҳисобланади.
Замонавий паноҳгоҳ
Бу тарихдан илҳомланиб, Auronzo Club Alpino Italiano янги замонавий паноҳгоҳ лойиҳасини ишлаб чиқди. Бироқ хавфсизлик ва вақтни тежаш мақсадида мураккаб қурилишдан воз кечилди. Ўрнига 12 кишига мўлжалланган модул уй тикланди.
Шу тарзда янги паноҳгоҳ — Bivouac Fanton пайдо бўлди. У эски хижинадан атиги 70 метр узоқликда, худди шу баландликда — 2750 метрда жойлашди. Ҳатто замонавий технологиялар билан ҳам бу осон кечмади: уй қисмларини ва модулни вертолётлар орқали бир неча марта олиб чиқишга тўғри келди.
Жасорат ва тирик қолиш рамзи
Бугун Buffa di Perrero ва янги Bivouac Fanton Доломит тоғларидаги туристик йўлда рамзий нуқтага айланган. Улар одамлар қандай қилиб энг оғир шароитларда ҳам қуриш ва тирик қолишга қодир эканини эсга солади.

