Ош — бизнинг ҳудудда энг севимли таомлардан бири десак, муболаға бўлмайди. У деярли ҳар куни дастурхонимизда — байрамда ҳам, оддий кунларда ҳам. Ҳатто шундай ишқибозлар борки, ошни ҳар куни ейишга тайёр.
Вақт ўтиши билан ош атрофида ўзига хос истеъмол маданияти шаклланган. Классик қўшимчалар ҳаммага таниш: янги ачик-чучук салати, оддий нон ва дамланган кўк чой. Албатта, бугунги кунда айримлар чой ўрнига газли ичимликларни танлаётгани ҳам сир эмас.
Аммо ўйлаб кўрганмисиз: ош билан ҳар қандай таомни бирга ейиш хавфсизми?
Шифокорлар таъкидлашича, айрим таомлар борки, уларни ош билан бирга истеъмол қилиш қатъиян тавсия этилмайди. Гап, кўпчилик яхши кўрадиган майонезли салатлар ҳақида бормоқда.
Сабаби оддий. Ошнинг ўзиёқ анча ёғли ва калорияга бой: унда ёғ, гўшт (кўпинча қўй гўшти), баъзан эса думба ҳам бўлади. Унинг устига яна майонезли салат қўшилса, организмга тушадиган юк бир неча баробарга ошади.
Мутахассислар фикрига кўра, бундай уйғунлик жигар ва ошқозон ости безига жиддий босим беради. Бу эса овқат ҳазм қилиш тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунинг учун энг тўғри танлов — анъанавий ва енгил вариант: ош, янги сабзавотлар ва чой. Ва, албатта, меъёрни унутмаслик — ҳатто энг севимли таом бўлса ҳам.
