Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифига кўра 44 ёшгача бўлган инсонлар ёшлар қаторига кириши ҳақида ёзган эдик. Энди эса маданий ҳордиқни хуш кўрувчиларни қувонтирадиган яна бир қизиқарли тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Токио Фан институти олимлари музейлар, театрлар, концертлар ва кинотеатрларга мунтазам бориш организмнинг янада «ёш» ҳолатини сақлаш билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган хулосага келишди.
Тадқиқотда Англияда яшовчи 50 ёшдан ошган қарийб 1900 нафар инсон иштирок этди. Олимлар нафақат иштирокчиларнинг паспорт ёшини, балки физиологик ёшини ҳам таққослашди. Бу кўрсаткич организмнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттиради. Уни баҳолашда қон босими, ўпка фаолияти, холестерин ва қондаги қанд миқдори, тана вазни индекси, қўл панжаси кучи, юриш тезлиги ҳамда бошқа тиббий кўрсаткичлар ҳисобга олинди.
Маълум бўлишича, маданий тадбирларга мунтазам ташриф буюрадиган инсонларнинг физиологик ёши музей, театр ёки кинотеатрларга деярли бормайдиганларга нисбатан ўртача уч йилга кичикроқ бўлган. Қизиғи шундаки, бу боғлиқлик даромад даражаси, соғлиқ ҳолати ва бошқа омиллар ҳисобга олинганидан кейин ҳам сақланиб қолган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бунга сабаб маданий ҳордиқнинг ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаши, стрессни камайтириши, мия фаолиятини рағбатлантириши ва инсонни фаолроқ турмуш тарзига ундаши мумкин. Бу омилларнинг барчаси соғлиққа ижобий таъсир кўрсатади.
Чирчиқда қаерга бориш мумкин?
Агар бу янгиликдан кейин маданий дам олишни режалаштирган бўлсангиз, узоққа бориш шарт эмас.
Чирчиқда ўлкашунослик музейи фаолият юритади. Унинг фонди энг йириклардан бири бўлмаса-да, шаҳар тарихи, унинг тараққиёти ва машҳур фуқаролари ҳақида кўплаб қизиқарли ҳужжатлар ҳамда экспонатларни сақлайди. Музей янгиликларини Telegram’даги https://t.me/Chirchikmuseum канали орқали кузатиб бориш мумкин.
Кино ишқибозлари учун эса Осма кўприк ҳудудида жойлашган очиқ осмон остидаги DeluxCinema кинотеатри ишлайди. Бу ерда ҳар куни кечқурун икки сеанс — болалар (оилавий) ва катталар учун намойишлар ўтказилади. Афишалар ва сеанслар ҳақидаги маълумотлар @deluxesinema Telegram саҳифасида эълон қилиб борилади.
Демак, музейга ташриф ёки кечки киносеанс нафақат ёқимли ҳордиқ, балки яхши кайфият ва соғлом ҳаёт тарзига қўшилган яна бир ҳисса бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу спорт ва соғлом турмуш тарзининг ўрнини босмайди, аммо ҳаётни янада мазмунли ва, эҳтимол, бироз «ёшроқ» қилишга ёрдам беради.
