Старбейс, Техас — SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск Марсни ўзлаштириш ва колония қилиш бўйича янгиланган стратегияни эълон қилди. Техасдаги Старбейс космодромида ўтказилган тақдимотда у инсониятнинг сайёралараро ҳаётини таъминлашга хизмат қилувчи асосий техник ва логистик ечимлар ҳақида гапирди.
Маскнинг сўзларига кўра, сўнгги 5–6 йил ичида Старбейcда икки тўлиқ учириш мажмуаси ва ракеталарни ишлаб чиқариш бўйича йирик завод қурилди. Ҳозирда компания ҳар 2–3 ҳафтада бир дона Starship тайёрлай олмоқда, яқин келажакда эса ишлаб чиқариш ҳажми йилига 1000 кемага етиши мумкин. Худи шундай ишлаб чиқариш маркази Флорида штатида ҳам барпо этилмоқда.
Асосий мақсад — Марсга 1 миллион тонна юк юбориш
Маск таъкидлаганидек, Starship — тўлиқ қайта ишлатиш мумкин бўлган тизим бўлиб, унинг орбитага ёқилғи қуйиш имконияти ва замонавий иссиқликдан ҳимоя қопламаси мавжуд. У Ер орбитасига 200 тоннача фойдали юкни олиб чиқиши мумкин — бу АҚШнинг “Аполлон” дастурида ишлатилган Saturn V ракетасининг салоҳиятидан икки баробар кўп.
Марсда тўлақонли база барпо этиш учун тахминан 1 миллион тонна юк — ускуналар, қурилиш материаллари ва ҳаётни таъминлаш тизимлари етказилиши лозим. Бунинг учун минглаб Starship парвозлари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, кема конструкциясида учирувчи ракета бўлиғини махсус мачта ёрдамида «ушлаш» тизими жорий этилган — бу уни тезкорлик билан қайта ишлатишга тайёрлаш имконини беради ва юксак қайта фойдаланиш частотасини таъминлайди.
Илк миссиялар жадвали: 2026 — биринчи парвоз
Starship’нинг Марсга биринчи беспилот парвози 2026 йил охирига режалаштирилган. Инсон иштирокидаги миссиялар эса 26 ойда бир марта очиладиган старт ойналари орқали амалга оширилади. Шу вақтга келиб SpaceX компанияси Starship’нинг учинчи версиясини тайёрлайди — унда барча асосий технологик янгиликлар, жумладан, орбитага ёқилғи қуйиш ва мустаҳкам иссиқлик ҳимояси мавжуд бўлади. Бу версиянинг биринчи парвози 2025 йил охирида амалга оширилиши кутилмоқда.
Марс базаси ва алоқа тизими
Марсда база қуриш учун асосий ҳудуд сифатида Arcadia Planitia — сайёранинг шимолий ярим шарқида жойлашган текислик танланган. У ерда қўниш ва қурилиш учун қулай шароитлар мавжуд. Шунингдек, алоқа тизимини таъминлаш мақсадида модификацияланган Starlink йўлдош тизими ишлатилади.
Шундай қилиб, SpaceX ўзининг улкан мақсадини — Марсни яшашга яроқли сайёрага айлантириш ва барқарор сайёралараро инфратузилмани яратишга интилишда изчил қадамлар ташламоқда.



