Йўқотилган тишларни имплант ёки протезлар ёрдамида эмас, балки табиий йўл билан қайта тиклаш имконияти яқин келажакда ҳақиқатга айланиши мумкин. Япониянинг Toregem Biopharma компанияси инсон организмида янги тиш ўсишини рағбатлантирувчи технология устида иш олиб бормоқда.
Усул тиш ривожланишига тўсқинлик қилувчи USAG-1 оқсилини блоклашга асосланган. Ҳозирча технология ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтган ва инсонларда клиник тадқиқотлар давом этмоқда.
Ишланма муаллифлари барча синовлар муваффақиятли якунланса, препарат 2030 йилга келиб бозорга чиқиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ мутахассислар шошилмасликка чақирмоқда. Аввало, янги усулнинг хавфсизлиги ва айнан керакли тишнинг ўсишини таъминлай олиши исботланиши лозим.
Агар технология ўзини оқласа, стоматологияда ҳақиқий инқилоб юз бериши мумкин. Чунки шифокорлар илк бор йўқотилган тишларни сунъий конструкциялар билан эмас, балки инсоннинг ўз тўқималари ҳисобидан тиклаш имкониятига эга бўлади.
Хўш, энг қизиқ савол шунда: бу технология қачон Чирчиқдаги стоматология клиникаларига ҳам етиб келар экан?
