Менга шунчаки Батумида туғилиш насиб этган экан…

Ўзбекистон жамоатчилиги навбатдаги бор ҳайвонларга, айниқса итларга нисбатан шафқатсиз ва инсонийликка зид муносабат ҳолатларидан қаттиқ ларзага келганидан сўнг, мамлакатимизда бундай қилмишлар учун жавобгарлик чоралари янада кучайтирилди. Бугунги кунда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун катта миқдорда жарималар, такрорий ҳолатларда ёки ҳайвоннинг ҳалок бўлиши ёхуд майиб бўлишига сабаб бўлганда эса янада оғирроқ жавобгарлик, ҳатто маъмурий қамоқ жазоси ҳам назарда тутилган. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.

Бироқ муаммони фақат жазолар билан ҳал этиб бўлмайди.

Чирчиқ шаҳрида қаровсиз итлар масаласи ҳанузгача аҳолини энг кўп ташвишга солаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Уларни тутиш ва кўчалардан олиб кетиш масаласи доим қизғин баҳсларга сабаб бўлади. Жамоатчилик амалда икки қарама-қарши фикрга бўлинган: бири қаровсиз ҳайвонларни озиқлантириш, даволаш ва уларга ғамхўрлик қилиш тарафдори бўлса, иккинчиси аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни изоляция қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

Аслида бу муаммо фақат бизга хос эмас. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ушбу масалага ўз ечимини топган ва инсон билан ҳайвоннинг тинч-тотув яшашига эришган.


«Менга шунчаки Батумида туғилиш насиб этган экан. Ҳа, эгаларимнинг масъулиятсизлиги туфайли бир куни кўчада қолдим. Аммо бундан асло афсусланмайман. Мен шаҳар бўйлаб эркин юраман, барча зарур эмлашлардан ўтганман, ветеринарлар мени мунтазам кўрикдан ўтказади. Одамлар мени овқатлантиради. Агар кайфиятим тушиб қолса, шунчаки йўловчиларнинг олдига бораман — улар албатта мени силаб қўяди, қулоғим орқасини қашиб эркалайди ёки бирор мазали егулик билан меҳмон қилади. Мен улардан жуда миннатдорман ва ўзимни бахтли ҳис қиламан».

Женщина в полосатой кофте и розовых шортах стоит с телефоном, рядом гуляет собака и лежит кошка. На заднем плане статуи супергероев и людей в парке.

Балки, репортажимиз қаҳрамони — Мцвари лақабли ит ўз ҳаёти ҳақида айнан шундай ҳикоя қилган бўларди.

Аҳоли сони жиҳатидан Батумини бемалол Чирчиқ билан таққослаш мумкин. Бу ерда юзлаб қаровсиз итлар яшайди. Уларнинг аксарияти майда эмас, балки анча йирик итлардир. Шунга қарамай, одамларга ҳужум қилиш ҳолатлари жуда кам учрайди.

Итларни шаҳарнинг деярли ҳар бир бурчагида учратиш мумкин: сайёҳлар гавжум кўчаларда, ҳукумат ва шаҳар ҳокимияти бинолари ёнида, боғларда, денгиз соҳилида, кафе ва дўконлар атрофида. Улар дарахтлар соясида хотиржам ётади, баъзан сайр қилаётган одамларга эргашади ёки шунчаки шаҳар ҳаётини кузатиб туради.

Батумиликлар бундай қўшничиликка аллақачон кўникиб кетган. Қаровсиз итларни нафақат маҳаллий аҳоли, балки сайёҳлар ва тадбиркорлар ҳам озиқлантиради. Кўп жойларда улар учун махсус уйчалар, сув идишлари ва озуқа идишлари ўрнатилган. Итларнинг аксарияти инсонларга нисбатан дўстона муносабатда бўлиб, эркалашни мамнуният билан қабул қилади.

Улица с людьми и графити собаки с короной на стене здания.

Бироқ бу ҳолат ҳар доим ҳам шундай бўлмаган.

Бир неча йил аввал Батумида ҳам қаровсиз ҳайвонлар муаммоси жуда долзарб эди. Вазиятни ўзгартиришга шаҳарда амалга оширилган комплекс муниципал дастур ёрдам берди.

Ушбу дастур доирасида қаровсиз итлар махсус хизматлар томонидан тутилади. Шундан сўнг ветеринарлар уларни тўлиқ кўрикдан ўтказади. Зарур ҳолларда даволаш ишлари амалга оширилади, барча итлар мажбурий тарзда эмланади ва стерилизация қилинади. Кейин эса ҳайвоннинг қулоғига махсус белги — бирка тақилади. Бу белги ит барча ветеринария тадбирларидан ўтганини англатади. Агар ҳайвон агрессия намоён қилмаса ва одамлар учун хавф туғдирмаса, у аввал ушланган ҳудудига қайта қўйиб юборилади.

Бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани ҳал қилади: қаровсиз ҳайвонлар сони назорат қилинади, хавфли касалликларнинг тарқалишининг олди олинади, итлар эса ўзлари ўрганган ҳудудда қолгани учун янги тўдалар ўртасида можаролар юзага келмайди.

Йиллар давомида ушбу тизим ўз самарасини берди. Бугун Батумига келган кўплаб сайёҳлар инсонлар билан қаровсиз итларнинг шунчалик тинч-тотув яшашига ҳайрат билан қарайди. Кўпчилик учун бу шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларидан бирига айланган.

Албатта, ҳар бир мамлакат ва ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос шароити бор. Шунинг учун бошқа давлат тажрибасини ўзгартиришсиз кўчириб олиш мумкин эмас. Бироқ Батуми тажрибаси шуни кўрсатадики, муаммони фақат ҳайвонларни тутиш орқали эмас, балки тизимли ёндашув, мунтазам ветеринария назорати ва жамоатчилик иштирокида ҳам самарали ҳал қилиш мумкин.

Яқинда Чирчиқ шаҳрида қаровсиз ҳайвонлар учун бошпана ташкил этиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Умид қиламизки, бу инсонлар ҳам, тўрт оёқли қўшниларимиз ҳам ўзини хавфсиз ҳис қиладиган, меҳр-оқибат ва масъулиятга асосланган тизимни шакллантириш йўлидаги илк қадамлардан бири бўлади.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading