Паркентда «Узум сайли» халқаро фестивали бўлиб ўтади

21–22 август кунлари Тошкент вилоятининг Паркент тумани Заркент қишлоғида «Узум сайли» халқаро узумчилик ва виночилик фестивали бўлиб ўтади.

Паркент азалдан Ўзбекистоннинг узумчилик марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ўнлаб узум навлари етиштирилади, узумчилик эса маҳаллий аҳолининг асосий машғулоти ва даромад манбаларидан бири саналади.

Фестиваль меҳмонларини энг сара узум навлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазма-ярмаркалари, илмий-амалий конференциялар, замонавий технологиялар тақдимотлари, миллий урф-одатлар намойиши, халқ ижодий жамоалари чиқишлари ҳамда машҳур санъаткорлар иштирокидаги гала-концертлар кутади.

«Узум сайли» нафақат ҳосил байрами, балки фермерлар, олимлар, виночилик соҳаси вакиллари ҳамда тадбиркорларни бирлаштирадиган халқаро майдон ҳисобланади. Фестиваль ўзбек узумининг экспорт салоҳиятини ошириш, энотуризмни ривожлантириш ва асрлар давомида шаклланган узумчилик анъаналарини тарғиб қилишга хизмат қилади.

Ташкилотчилар барча истовчиларни Паркентнинг гўзал узумзорлари бағрида икки кунлик байрам муҳитини ҳис этишга, миллий маданият ва гастрономик мерос билан яқиндан танишишга таклиф этади.

Фестивальга кириш мутлақо бепул.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading