Чирчиқ шаҳри аҳолиси орасида мобил алоқа операторлари тарифларининг муттасил оширилиши ҳақида шикоятлар кўп. Операторлар интернет-трафик ҳажмини ошириш орқали «қувонтиришга» ҳаракат қилса-да, амалда бу трафикни кўпчилик тўлиқ ишлатмайди. Бир йил ичида тарифлар бир неча бор қимматлади.
Бундан ташқари, тариф ўз вақтида тўланмаган ҳолларда, агар абонент бу хизматни олдиндан ўчирмаган бўлса, кунлик абонент тўлови автоматик равишда ечиб олинарди. Ҳатто балансни аниқ ҳисоблаб тўлдирган тақдирда ҳам, маблағ ечиш тўхтамас, чунки ҳисобга пул тушгани ҳақидаги SMS-хабарнома ҳам пулли эди. Натижада ҳисоб яна «минус»га тушиб, алоқа узиларди.
Эндиликда, кўринадики, бу амалиётларга чек қўйилмоқда.
Янги қоидалар: абонентлар учун нима янгилик бор
Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳрири қабул қилинди. Ҳужжат Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тайёрланиб, Адлия вазирлигида 26 январь куни рўйхатдан ўтказилган. Қоидалар апрель ойи охирида кучга киради ва мобил алоқа абонентлари ҳуқуқларини сезиларли даражада кучайтиради.
📌 Тарифни бепул алмаштириш ва қарзга тушишга тақиқ
- Абонентлар ўз тариф режасини бепул равишда бошқа тарифга алмаштириш ҳуқуқига эга бўлади (айрим тоифалар ёки ҳудудлар учун мўлжалланган махсус тарифлар бундан мустасно).
- Жисмоний шахсларнинг ҳисобини абонент тўлови ёки тариф хизматлари учун ечиш орқали манфий ҳолатга (қарзга) тушириш тақиқланади.
- Ҳисобда маблағ етишмаслиги сабабли шартномани бекор қилиш муддати 2 ойдан 1 йилгача узайтирилади.
- Амалдаги тариф шартлари ўзгарганда, оператор абонентларни камида 15 кун олдин — ОАВ, расмий сайт ёки SMS орқали хабардор қилиши шарт.
- Илгари бепул бўлган хизматларни абонент розилигисиз пулли қилиш тақиқланади.
📌 Қулайроқ хизмат ва давлат билан алоқа
- Президент виртуал қабулхонасининг «иссиқ линия»ларига қўнғироқлар бепул ва сутка давомида амалга оширилади.
- Мобил рақамни бошқа операторга кўчириш муддати 8 иш соатидан 20 дақиқагача қисқартиради.
- Хизмат кўрсатиш нуқтасига кела олмайдиган фуқаролар учун яшаш жойида хизмат кўрсатиш, шу жумладан олис ва қийин етиб бориладиган ҳудудларда сайёр хизматлар йўлга қўйилади.
📌 Мажбурий платёжли контент-хизматларга чек қўйилади
Янги қоидалар абонентлар розилигисиз уланадиган платёжли контент-хизматларни қатъий чеклайди:
- Барча платёжли хизматлар фақат оператор иловалари ёки USSD-кодлар орқали фаоллаштирилади.
- Хизматларни автоматик улаш ёки бепул хизматни абонент розилигисиз пуллига ўтказиш тақиқланади.
- Контент-таъминотчилар томонидан кўрсатиладиган барча платёжли хизматлар аввалдан нофаол ҳолатда бўлиши шарт.
Нима учун бу муҳим?
Айнан шу масалалар — номаълум уланадиган хизматлар, кутилмаган ечимлар ва баланснинг «минус»га кетиши — йиллар давомида мобил алоқа фойдаланувчиларининг, жумладан Чирчиқ аҳолисининг асосий эътирозига сабаб бўлиб келган.
Янги қоидалар амалда ҳам тўлиқ ишласа, операторлар ва абонентлар ўртасидаги муносабатлар анча шаффоф ва адолатли бўлиши мумкин.
Апрель ойи охиригача кутиб қоламиз — ва бу янгиликлар ҳаётда қандай ишлашини кўрамиз.
