2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки ҳудудида жойлашган Kmita Polymers корхонасига ташриф буюрди.
Завод Россиянинг Polymers компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, махсус ва кенг турдаги полиэтилен плёнкалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона маҳсулотлари саноатнинг турли тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ҳамда қадоқлаш саноатида кенг қўлланилмоқда.
Ташриф давомида давлат раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари ва ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш истиқболлари билан танишди. Маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Kmita Polymers корхонаси 2022 йил 3 февралдаги Президент қарори асосида ташкил этилган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркининг резидентларидан бири ҳисобланади. Технопаркнинг асосий вазифалари кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб қилишдан иборат.
Майдони 26,4 гектарни ташкил этувчи технопарк ҳудудида замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилган. Бу мақсадлар учун 25 миллион АҚШ доллари йўналтирилган.
Бугунги кунда технопарк барқарор ривожланиш суръатларини намоён этмоқда. 2025 йилда бу ерда 56 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Технопарк корхоналари томонидан умумий қиймати қарийб 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспорт ҳажмини 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2300 тага етказиш режалаштирилган.
Kmita Polymers каби корхоналарнинг ривожланиши Чирчиқнинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга, янги иш ўринлари яратишга ҳамда ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.
