Рамазон ойида эҳтиёт бўлинг: фирибгарлар фаоллашмоқда

Рамазон ойида ҳар биримиз юксак қадриятлар, энг муҳим масалалар ҳақида ўйлаймиз, яхшилик қилишга, меҳр-шафқат ва саховат кўрсатишга интиламиз.

Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, фирибгарлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Ташвишли хабарлар тасдиқлайди: айнан ҳозир, Рамазон ойида, бошқаларнинг яхшилигидан фойдаланишга уринувчилар фаоллашмоқда.

Яна бир бор сизларни ҳушёр бўлишга ва фирибгарлар тузоғига тушмасликка чақириб қоламиз.

Бу гал гап телефон орқали алдайдиганлар ҳақида эмас. Бу фирибгарлар — ҳақиқий, улар кўчада, жамоат жойларида шахсан ҳаракат қилади.


Оддий схема — яхшиликка таянади

Сценарий одатда пухта ўйланган бўлади.

Кўчада, дўкон ёнида ёки супермаркетнинг ўзида яхши кийинган, мулойим ва ишончли кўринадиган шахс яқинлашиб, таъсирли ҳикояни бошлайди.

Масалан, у ўзини бошқа вилоятдан келаётган ота сифатида таништиради: машинасида ёқилғи тугаган, ичида эса кичик, оч боласи бор. Зудлик билан 10–20 литр бензин қуйиш керак.

Ёки супермаркетда қимматроқ маҳсулотни — масалан, 150–200 минг сўм турадиган болалар аралашмасини сотиб олиб беришни сўрайди. Пулни “ҳозироқ картага ўтказаман” деб ваъда беради.

Вариантлар жуда кўп. Аммо мақсад битта — раҳмдил инсонлардан 5–10 минг эмас, балки 150–200 минг сўм атрофида маблағ олиш.


«Ифтор олдидан сув»

Яна бир усул ифторга яқин вақтларда учрамоқда.

Рўза тутаётган инсонларга ёшлар, баъзан талабалар, кичик ҳажмдаги сув шишаларини таклиф қилади. Аслида бундай сувнинг нархи 500 сўмдан ошмайди.

Аввалига бу эзгу амалдек кўринади — чунки Рамазонда кўп жойларда сув бепул тарқатилади.

Аммо инсон сувни олгач, ундан “кўнглидан чиқариб” 5–10 минг сўм тўлашни сўрашади.

Сувни қайтариш ноқулай, “хасис” кўринишни ҳеч ким истамайди. Натижада одам пулни беради.

Бу усул аввалдан маълум бўлса-да, бизда энди кенг қўлланила бошлади.


Ҳушёр бўлинг

Эсда тутинг: фирибгарлар энг пок ва эзгу туйғулар — раҳм-шафқат, саховат ва ишончга таянади.

Агар сизга босим ўтказишса, шоширтиришса ёки ҳис-туйғуларингизга таъсир қилишга уринсалар — суҳбатни дарҳол тўхтатинг.

Яхшилик қилиш керак. Аммо онгли равишда.

Чиндан ҳам муҳтожларга ёрдам бериш учун ишончли хайрия жамғармалари, расмий ташаббуслар ёки шахсан таниш инсонлар орқали ёрдам кўрсатган маъқул.

Ўзингизни ва яқинларингизни асранг. Ҳушёрлик — бу ҳам масъулиятдир.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading