Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экология масалалари давлат даражасига кўтарилди. Экология соҳаси ходимларига қўшимча ваколатлар берилди, оммавий ахборот воситаларида эса табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилиши ва айбдорларнинг жавобгарликка тортилиши ҳақидаги хабарлар тобора кўпаймоқда. Бу — бугунги реал ҳаёт тақозо этган мутлақо табиий амалиёт. Энг муҳими, жамият бундан тўғри хулоса чиқариши лозим.
Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Матбуот хизмати маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳри 3-кичик ноҳия ҳудудида кўп йиллик чинор дарахтига зарар етказилгани ҳақида хабар тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида 1987 йилда туғилган фуқаро томонидан бир туп чинор дарахтининг илдиз қисми шикастлантирилгани аниқланди. Мазкур ҳаракатлар билан фуқаро Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлари талабларини бузган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва 10 300 000 сўм миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисоблаб чиқилди.
Бу — якка ҳолатдек туюлиши мумкин. Аммо бундай мисоллар шаҳар аҳолиси учун жиддий огоҳлантирув бўлиши керак: дарахтларни ноқонуний кесиш ёки шикастлаш катта молиявий жавобгарликка олиб келади. Айниқса, кўп йиллик, катта дарахтлар экологик мувозанат ва шаҳар муҳитини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Табиатга эҳтиёткор муносабат — бу фақат талаб эмас, балки ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
