Ўзбекистонда бюджет авиацияси соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда: айрим лоукостерлар баъзи рейслар учун авиачипталар нархини пасайтиришди. Бу Президент Шавкат Мирзиёев авиачипталар нархи масаласини кўтарганидан сўнг юз берди. Давлат раҳбари парвозларни аҳоли учун қўл келадиган даражада арзонлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу чақириқдан сўнг бир неча авиакомпаниялар ички ва минтақавий рейслар бўйича тарифларни қайта кўриб чиқишди.
Айни пайтда Европадаги бюджет авиакомпаниялар анча радикал қадам ташлашмоқда — аниқроғи, йўловчиларни туриб учиришга тайёргарлик кўришмоқда. Бир қатор Европа лоукостерлари самолётларда туриб учиш учун мўлжалланган ўриндиларни жорий этиш режасини тасдиқлади.
Skyrider 2.0 — велосипед услубидаги учиш
Aviointeriors номли италиялик компания томонидан ишлаб чиқилган Skyrider 2.0 ўриндиқлари илк бор 2018 йилда Гамбургдаги махсус кўргазмада намойиш этилган. Бу қурилмалар полга ҳам, шифтига ҳам маҳкамланади. Йўловчи тўлиқ ўтира олмайди — фақатгина велосипед ўриндиғига ўхшаш кичик юзалиққа таяниш мумкин. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, бу ўриндилар фақат икки соатгача давом этадиган рейслар учун мўлжалланган.
Нима учун бу керак?
Жавоб оддий: тежамкорлик. Янги ўриндилар одатдагиларга нисбатан икки баробар кам жой эгаллайди, натижада самолёт салонига 20% кўпроқ йўловчи жойлаштириш мумкин. Бу эса чипта нархларини сезиларли даражада пасайтириш имконини беради. Шунингдек, бу турдаги ўриндилар техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳам арзонроқ.
Тахминий маълумотларга кўра, бундай ўриндиларга эга дастлабки самолётлар 2026 йилда парвоз қилишни бошлаши мумкин. Уларнинг чипталари эса жуда арзон бўлиши кутилмоқда.
Биз бунга тайёрмизми?
Европаликлар вертикал парвозга тажриба ўтказаётган бир пайтда, Ўзбекистондаги йўловчилар эндигина авиарынокдаги рақобат натижаларини ҳис қилиб бормоқда. Аммо «қанча арзон бўлса, шунча яхши» шиори асосидаги ёндашув давом этса, эҳтимол, яқин келажакда бизда ҳам туриб учиш одатий ҳолга айланиши мумкин.
Учиш арзонлашади. Аммо қулай бўладими — вақт кўрсатади.
