Йил охиригача миллионга яқин дарахт рақамлаштирилади
Тошкент шаҳрида дарахтларнинг рақамли реестрини яратиш бўйича ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда шаҳар хокимияти ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари томонидан Zamin жамғармаси кўмагида амалга оширилмоқда.
Ушбу база дарахтларни тизимли равишда ҳисобга олиш, уларнинг сақланишини назорат қилиш ва ноқонуний кесиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Реестр green.tashkent.uz платформасида жойлаштирилади.
Миллион дарахт ҳимоя остида
2025 йил охиригача пойтахтдаги 1 миллионга яқин дарахт рақамлаштирилиб, маълумотлар базасига киритилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Zamin жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди. Янги ёндашув ҳар бир дарахтнинг ҳолати, ёши ва турини кузатиб бориш, ҳамда қурилиш режаларида уларни инобатга олиш имконини беради.
Қандай ишлайди?
Март ойида инвентаризацияда иштирок этиш учун 120 нафар мутахассис танлаб олинган бўлиб, улар махсус ўқув курслари ва «дальн» шароитларда амалий машғулотлардан ўтдилар. Лойиҳада замонавий технологиялар — GPS-ускуналар, фотосуратга олиш, асбоб-ускуналар орқали ўлчовлар ҳамда сунъий интеллект элементлари қўлланилади. Дендрологлар томонидан маълумотлар текширилгандан сўнг, улар ягона тизимга киритилади. Фойдаланувчилар реестр орқали шаҳардаги дарахтлар сони, тури, ёши ва аҳволи ҳақида аниқ маълумот олишлари мумкин бўлади.
Бошқа тизимлар билан интеграция
Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашича, реестр шаҳарсозлик, ердан фойдаланиш ва архитектура учун жавобгар бўлган вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Бу эса қурилиш ва реконструкция ишларини экологик омиллар билан мувофиқлаштириш ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилишда ёрдам беради.
Ҳуқуқий асос
Лойиҳа 2021 йил декабрида қабул қилинган Президент қарорига асосланади. Унга кўра, 2022 йил 1 мартдан бошлаб давлат ўрмон фондига кирмайдиган барча дарахтларни ҳисобга олиш тизими жорий этилган. 2023 йил сентябригача рақамлаштириш ишларини якунлаш режалаштирилган эди. Шу қарор асосида дарахтларни кесишга муҳлатсиз мораторий эълон қилинган.
2024 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 5 ёшдан катта 254 миллиондан ортиқ дарахт рақамлаштирилгани хабар қилинган эди.
Чирчиқдачи?
Бизга маълум эмас, Чирчиқда бундай ишлар олиб бориляптими. Аммо аниқки, бундай ташаббус шаҳримиз учун жуда зарур. Ҳар қандай қурилиш ёки реконструкция деярли ҳар доим шаҳар экологиясига зарар етказади. Экологик мувозанат бузилади, компенсацион экишлар эса кўп ҳолларда йўқолган дарахтларнинг ўрнини босмайди.
Эътибор берган бўлсангиз, фақат «Химик» боғида ҳар бир дарахтда алоҳида рақам мавжуд. Бу эса бутун шаҳар миқёсида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун яхши бошланғич нуқта бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир дарахт учун курашиш — Чирчиқнинг келажаги учун курашиш демакдир.
