2026 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари олти кунлик иш тартибидан беш кунлик иш ҳафтига ўтади. Бу тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Президент қарорида назарда тутилган.
Эндиликда қарорга мувофиқ, дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолияти навбатчилик асосида ташкил этилади. Бу эса аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлигини таъминлаган ҳолда шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг иш юкини енгиллаштиради.
Янги ташаббус тиббиёт ходимлари учун иш шароитларини яхшилаш ва касб нуфузини ошириш сари ташланган муҳим қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, қарорда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар ҳам кўзда тутилган.
Бироқ мутахассислар таъкидлашича, иш вақти режимидаги ўзгаришлар етарли эмас — соғлиқни сақлаш тизими чуқур модернизацияга муҳтож. Бугунги кунда кўплаб фуқаролар давлат поликлиникаларига асосан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (больничный) олиш учун мурожаат қилишади. Чунки хусусий клиникалар, ҳар қанча малакали бўлмасин, расмий меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериш ҳуқуқига эга эмас.
Бу ҳолат, табиийки, парадоксал кўринишга эга: давлат муассасаларида навбатлар катта, хусусий тиббиёт марказларининг салоҳияти эса тўлиқ ишга солинмаяпти. Шу боис, бу соҳадаги кейинги қадам — замонавий, эгилувчан ва аҳоли учун қулай тиббиёт тизимини шакллантириш бўлиши лозим.
