Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган U19 ва U23 ёш тоифалари ўртасидаги бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси яна бир бор ўз устунлигини намоён қилди. Мамлакатимиз эркаклар ва аёллар терма жамоалари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
U19 ёш тоифасидаги эркаклар жамоаси 7 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. U23 терма жамоаси эса 4 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида чемпион бўлди. Шунингдек, U19 ва U23 ёш тоифаларидаги аёллар терма жамоалари ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.
Бу натижа Ўзбекистонда бокс мактаби юксак даражада ривожланаётганининг яна бир исботидир. Бу борада Чирчиқ шаҳри ҳам муҳим ўрин тутади. Айнан шу ерда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда мамлакатдаги етакчи бокс бўйича олимпия захираси мактабларидан бири фаолият юритиб, келажакда миллий терма жамоа сафини тўлдирадиган иқтидорли спортчилар тайёрланмоқда.
Спортчиларимизни ушбу муваффақият билан самимий табриклаймиз ва уларга жаҳон аренасида янада катта зафарлар тилаймиз!
