Баҳорда кучли ёмғирдан сўнг пойтахтдаги «Чорсу» метро бекати сув остида қолган, Чирчиқда эса айрим кўчалар ҳақиқий дарёга айланган эди. Ўшанда 4ir4ik.uz шаҳардаги муаммонинг сабабларидан бири сифатида ўзбошимчалик билан кўмилган ёки йўқ қилинган ариқларни кўрсатган эди. Илгарилари айнан шу ариқлар ёмғир сувларини оқизиш учун хизмат қилган.
📌 Мақолани бу ерда ўқишингиз мумкин: «Чорсуда тартиб ўрнатилмоқда. Чирчиқ билан қачон шуғулланамиз?»
Афсуски, бугун ҳам вазият долзарблигича қолмоқда. Тадбиркорлар кўп ҳолларда объектларига автомобилларда бемалол кириш ва машиналарни тўхтатиш учун ариқларни кўмиб, бинолар олдидаги ҳудудларни бетонлаб ташламоқда.
Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор. 👍
Бу баҳорда кучли ёмғирдан сўнг том маънода дарёга айланган муаммоли кўчалардан бири Заковат кўчасининг кузни анча обод ҳолда кутиб олиш имконияти бор.
Айни пайтда кўчада янги бетон сув оқизиш лотокларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ёмғир сувларини самарали оқизишга, шунингдек, автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатини янада қулай ва хавфсиз ташкил этишга ёрдам беради.

Умид қиламизки, ишлар биринчи кузги ёмғирлар бошлангунга қадар ўз вақтида якунланади. 🌧️🤞
Яхши дренаж тизими — ортиқча қулайлик эмас, балки замонавий шаҳар инфратузилмасининг зарур қисми.
