Сидней университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотда уч турдаги австралиялик нисбатан кам учрайдиган, чақмайдиган асалари — Tetragonula carbonaria, Tetragonula hockingsi ва Austroplebeia australis томонидан ишлаб чиқарилган асал ажойиб антибактериал хоссаларга эга экани аниқланди. Қизиғи шундаки, ушбу асал ўз шифобахш хусусиятларини қиздирилгандан сўнг ҳам, узоқ муддат сақланганда ҳам йўқотмайди. Бу уни тиббиётда қўллаш учун жуда истиқболли маҳсулотга айлантиради.
Тадқиқот натижалари Applied and Environmental Microbiology журналида чоп этилган. Унда таъкидланишича, европалик асаларилар асалидаги антибактериал таъсир асосан водород пероксиди ҳисобидан бўлса, австралиялик асаларилар асалида ҳам пероксид, ҳам ноёб, пероксидсиз бирикмалар мавжуд. Ана шу бирикмалар асалга кучли ва барқарор антимикроб таъсир беради.
🔬 Асал — антибиотикларга чидамлиликка қарши курашда янги умид
Антибиотикларга чидамлилик бугунги тиббиётнинг энг йирик муаммоларидан бири ҳисобланади. Австралия асалидаги барқарор антибактериал хусусиятлар инфекцияларга қарши курашда янги имкониятларни очиб беради.
Олимлар турли минтақалардан жамланган намуна асалларда ҳам хосса узлуксиз сақланишини қайд этмоқда. Бу эса уни фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида тижоратлаштириш имкониятини беради.
Бироқ муаммолардан бири — ҳосилдорликнинг пастлиги: ҳар бир уядан йилiga ўртача ярим литр асал олинади. Шунга қарамай, бундай асалариларни парваришлаш оддийроқ экани бу камчиликни бартараф этиши мумкин.
🌿 Яраларни даволовчи табиий восита
Асалнинг яраларни, айниқса оғир ва сурункали ҳолатларни тезроқ шифолаш хусусияти анча йиллардан бери маълум. Асалдаги антисептик, яллиғланишга қарши ва иммунитетни қўллаб-қувватловчи хусусиятлар уни табиий даво воситаси сифатида ажратиб туради.
Айниқса манука асали ёниб қолишлар, жароҳатлар ва тери шикастланишларини даволашда кенг қўлланилади. Австралиялик асаларилар асали эса шифобахш «тиббий асал»нинг янги истиқболли тури сифатида келажакда тиббиётда кенг фойдаланилиши мумкин.
