Аввалроқ 4ir4ik.uz мамлакатда ўтказилган умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш ҳамда ушбу жараённинг аҳамияти ҳақида ёзган эди. 30 июнь куни Миллий статистика қўмитаси раиси дастлабки натижаларни эълон қилди ва улар ҳақиқатан ҳам қизиқарли бўлиб чиқди. Кўплаб рақамлар аввалги статистик ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада фарқ қилди. Бу эса аҳолини рўйхатга олиш нақадар муҳим эканини яна бир бор тасдиқлади.
Хўш, энг катта янгилик нимада?
Дастлабки маълумотларга кўра, 2026 йил 15 январь ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этган. Бу амалдаги статистик ҳисоб-китобларда келтирилган 38,24 миллион кўрсаткичдан 810 минг 617 нафарга ёки 2,1 фоизга кўпдир.
Чирчиқ аҳолиси учун ҳам қизиқарли маълумот бор. Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, Чирчиқ шаҳрининг доимий аҳолиси 178 минг 300 нафарни ташкил этади. Бу ерда гап фақат доимий яшовчи аҳоли ҳақида бормоқда.
Ўзбекистонда кимлар яшайди?
Дастлабки натижаларга кўра:
- эркаклар — 19,77 миллион нафар (50,6%);
- аёллар — 19,28 миллион нафар (49,4%).
Миллий таркиб қуйидагича:
- ўзбеклар — 34,9 миллион нафар (89,4%);
- тожиклар — 1,28 миллион (3,27%);
- қорақалпоқлар — 841,4 минг (2,15%);
- қозоқлар — 707,3 минг (1,81%);
- руслар — 606,5 минг (1,55%);
- қирғизлар — 219,1 минг (0,56%);
- туркманлар — 194,8 минг (0,5%);
- бошқа миллат вакиллари — 300 минг нафар (0,77%).
Шу билан бирга, 35,7 миллион нафар аҳоли (91,3%) ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган. Бу кўрсаткич этник ўзбеклар улушидан ҳам юқоридир.
Шаҳар аҳолиси кўпчиликни ташкил қилди
Дастлабки маълумотларга кўра:
- шаҳарларда 21,3 миллион нафар (54,5%);
- қишлоқларда эса 17,8 миллион нафар (45,5%) аҳоли яшайди.
Ёш таркиби
Рўйхатга олиш натижаларига кўра:
- меҳнат ёшига етмаганлар — 12,5 миллион нафар;
- меҳнат ёшидагилар — 21,7 миллион нафар бўлиб, бу аввалги ҳисоб-китобларга нисбатан қарийб 400 минг нафарга кўп.
Қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам қизиқарли натижалар
Қишлоқ хўжалиги рўйхатга олиш натижаларига кўра:
- бир йиллик экин майдонлари 23 фоизга;
- боғ ва токзорлар 18,8 фоизга;
- иссиқхоналар 2,2 фоизга;
- балиқчилик сув ҳавзалари эса 15 фоизга кўпроқ экани аниқланган.
Чорвачиликда эса айрим кўрсаткичлар кутилганидан паст чиққан:
- қорамоллар — 14,9 фоизга;
- қўй ва эчкилар — 6,2 фоизга;
- отлар — 11,2 фоизга кам.
Шу билан бирга, паррандалар сони ҳисоб-китобларга нисбатан 12,7 фоизга юқори экани маълум бўлган.
Аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олинган
Аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхатга олиш жараёнида мамлакат аҳолисининг 97,3 фоизи қамраб олинган. Қолган 2,7 фоиз турли сабабларга кўра рўйхатдан ўтмаган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу халқаро стандартлар бўйича жуда юқори қамров ҳисобланади.
Яна бир қизиқ факт: дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш харажати атиги 0,12 АҚШ долларини ташкил этган.
Эълон қилинган рақамлар дастлабки натижалар ҳисобланади. Якуний маълумотлар барча материаллар тўлиқ қайта ишланганидан сўнг эълон қилинади.
