Махсус репортаж: «Машинасозлар» боғи — Чирчиқнинг унутилаётган яшил дурдонаси

Чирчиқ шаҳридаги «Машинасозлар» маданият ва дам олиш боғини, ёки оддий қилиб айтганда Горпаркни деярли барча билади. Ҳеч бўлмаса, шу ҳудуднинг номи ҳар бир шаҳарликка таниш. Бироқ сўнгги йилларда Чирчиққа кўчиб келган кўплаб аҳоли мазкур ном ортида ҳақиқий шаҳар боғи жойлашганини ҳатто билмайди.

Бу эса ажабланарли эмас.

Бир вақтлар ушбу боғ шаҳарнинг асосий жамоат ва маданий маркази ҳисобланган. Бу ерда митинглар, байрам тадбирлари ва концертлар ўтказилган, Машинасозлар саройи олдидаги майдон эса минглаб аҳолини жамлаган. 1970–1980 йилларга келиб, боғ сояли хиёбонлар ва аттракционлар билан бойиб, Чирчиқнинг ҳақиқий яшил юрагига айланган. Шунингдек, у орқали нон заводи ва темир йўл вокзалига олиб борувчи қулай пиёдалар йўлаги ҳам ўтган.

Бироқ вақт ўтиши билан боғ ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Аквапарк ва бошқа иншоотлар қурилиши натижасида унинг ҳудудининг катта қисми қисқарди. Асосий транспорт ва пиёдалар оқимидан четда қолгач, боғ аста-секин шаҳарликлар учун одатий сайргоҳ мақомини ҳам йўқотди.

Бир неча йил аввал бу ерда реконструкция ишлари амалга оширилди ва бу қисқа вақтга бўлса-да, аҳолининг қизиқишини яна қайтарди. Бироқ кейинчалик эътибор янги дам олиш масканларига, энг аввало «Ўрмон» боғига қаратилди. Кейинроқ боғ хусусий бошқарувга ўтди, аммо ҳозирча бу ҳам вазиятни тубдан ўзгартира олгани йўқ.

Бугунги кунда «Машинасозлар» боғи Чирчиқда тўлиқ фаолият юритаётган аттракционларга эга ягона боғ бўлиб қолмоқда.

Интернетдаги машҳур қидирув тизимларида қолдирилган фикр-мулоҳазаларни ўрганар эканмиз, уларнинг бир-бирига мутлақо зид эканини кўрдик: кимдир боғни шинам ва озода деб баҳоласа, бошқалар уни қаттиқ танқид қилади. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида боғга ташриф буюриб, унинг бошқарувчиси Бахтиёр ака билан суҳбатлашдик.

Ташриф буюрувчиларнинг энг кўп эътирозларидан бири — кириш тўловидир. Катталар ва 11 ёшдан ошган болалар учун 2 минг сўм миқдорида ҳақ олинади.

Бахтиёр аканинг таъкидлашича, бу тўлов кўпроқ рамзий аҳамиятга эга.

— Бу, аввало, боғни уйсизлар ва тиланчилардан ҳимоя қилиш, шунингдек ҳудудни тоза сақлаш учун меҳнат қилаётган фаррошлар харажатларининг бир қисмини қоплаш имконини беради. Биз боғ ҳамиша озода бўлишига ҳаракат қиламиз, — дейди у.

Бошқарувнинг энг катта фахри — аттракционларнинг техник ҳолати.

— Барча аттракционлар тегишли сертификатларга эга ва ўз вақтида техник хизматдан ўтказилади. Шу билан бирга, чипталар нархини имкони борича паст даражада — 5 мингдан 10 минг сўмгача сақлашга ҳаракат қиламиз. Кўп болали оилалар учун боғга келиш ҳам маълум харажат талаб қилишини яхши тушунамиз. Шунинг учун нархларни оширмасликка интиламиз. Худди шу сабабли ҳудудда катта тижорат кафелари ҳам ташкил этилмаган, — дейди Бахтиёр ака.

Албатта, бундай катта ҳудудни сақлаш катта маблағ талаб қилади. Харажатларнинг салмоқли қисми электр энергияси учун тўловларга тўғри келади. Эвазига эса кечқурун боғ юзлаб чироқлар ва ёруғлик гирляндалари билан янада файзли кўринишга киради. Кўпчилик бу ерга аттракционлар учун эмас, балки дарахтлар соясида сайр қилиш, тинч муҳитда дам олиш ва ёзнинг иссиғидан паноҳ топиш учун келади.

Баъзан бу ерда шаҳар миқёсидаги маданий тадбирлар ҳам ташкил этилади.

Боғнинг яна бир хусусияти шундаки, у мавсумий тарзда — март ойидан октябргача ишлайди. Қолган ойларда эса ташриф буюрувчилар учун ёпиқ бўлади, бироқ уни сақлаш харажатлари барибир давом этади.

Бахтиёр аканинг айтишича, боғни бошқариш кўпроқ ижтимоий вазифа бўлиб, даромадли бизнес эмас.

— Жуда ҳам истардимки, Чирчиқ аҳолиси яна бу боғни эсласин. Болалари билан келсин, сайр қилсин, музқаймоқ еб, дарахтлар соясида ҳордиқ чиқарсин. Ахир боғ айнан шу мақсад учун мавжуд.

Июль ойида боғ яна бир қизиқарли воқеага мезбонлик қилади. Бу ерда Тошкент давлат циркининг гастроль чиқишлари режалаштирилган бўлиб, яқин кунларда цирк шатрлари ўрнатилади.

Биз ташриф буюрган куни боғда ҳақиқатдан ҳам одам кам эди. Аттракционларнинг аксарияти меҳмонларини кутарди. Очиғини айтганда, бундай манзара бу боғ учун адолатли эмасдек туюлади.

Таҳририятимиз фикрича, боғни ривожлантириш концепциясини бироз қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Аввало, асосий эътиборни кичик мактаб ёшидаги болалар ва фарзандли оилалар учун қулай муҳит яратишга қаратиш лозим. Ҳаддан ташқари баланд мусиқа ўрнига болалар қўшиқлари ва сокин фон мусиқасини қўйиш, аттракцион ходимларидан эса ташриф буюрувчиларга хизматларни ҳаддан зиёд таклиф қилмасликни сўраш мумкин. Айни пайтда баъзи меҳмонлар ҳар бир аттракцион ёнида деярли мажбуран таклифларга дуч келишмоқда.

Ёшлар учун ҳам янги имкониятлар яратиш мумкин. Масалан, тезкор Wi-Fiга эга кичик ва салқин коворкинг, ҳафтасига бир марта очиқ микрофон кечалари, кино намойишлари ёки интеллектуал ўйинлар боғ ҳаётига янги нафас бағишлаши мумкин.

Шунингдек, фикримизча, боғ йил давомида сайр қилиш учун очиқ бўлиши керак. Чунки Чирчиқда одамлар бемалол юриб дам олиши мумкин бўлган яшил жамоат ҳудудлари жуда ҳам кам.

Ишонамизки, «Машинасозлар» боғи яна шаҳар аҳолисининг энг севимли дам олиш масканларидан бирига айланади. Бунинг учун унда барча имкониятлар бор: улкан дарахтлар, шинам хиёбонлар, аттракционлар, сокин муҳит ва бой тарих. Энди унга энг муҳими — одамларни яна қайтариш қолди.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading