Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолияти тўхтатилди. Чирчиқда эса вазият қандай?

Навоий шаҳрида экологик вазият кескин ёмонлашди: аҳоли шафқатсиз ҳидли оқ тумандан шикоят қилиб, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Ўзбекистон Экология вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан ўтказилган текширувлар ҳавода аммиак, сероводород ва олтингугурт диоксиди меъёрдан анча юқори эканини кўрсатди. Натижада 20 дан ортиқ корхонанинг фаолияти вақтинча тўхтатилди, айримлари экологик экспертизасиз ишлаб келгани аниқланди.

Энг қўрқинчлиси — сероводороднинг меъёрдан 40 баравар юқори эканидир. Корхоналарга жарималар ва тузатиш чоралари белгиланди. Айни пайтда текширувлар куну тун давом этмоқда.

Бундан келиб чиқадиган савол: Чирчиқда вазият қандай?

Сўнгги ойларда чирчиқликлар аммиак ҳидидан кўп-кўп шикоят қилмоқда. Яқинда содир бўлган кучли чиқинди аҳоли орасида қўрқув уйғотди, шаҳар ҳокимияти порталига юзлаб мурожаатлар келиб тушди. Аҳоли болалар саломатлигидан хавотирда.

Шаҳарнинг энг йирик кимё корхонаси — Maxam-Chirchiq бу ҳолат бўйича нима чоралар кўрмоқда? Корхонанинг экологик экспертизаси борми? Ҳаво сифатини назорат қилиш ишлари олиб борилаяптими? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.

Маҳаллий ҳокимият, Экология вазирлиги ва корхона раҳбариятини аҳолини холис ва очиқ маълумотлар билан таъминлашга чақирамиз. Экологик хавфсизлик — бу чирчиқликларнинг ҳаққидир.

📌 Биз вазият ривожини кузатишда давом этамиз ва сизларни хабардор қилиб борамиз.


🟢 Чирчиқ — бу бизнинг уйимиз. Уни биргаликда поклайлик.