Чирчиқда яна бир замонавий жамоат ҳудуди барпо этилиши мумкин. 4ir4ik.uz таҳририяти шундай хулосага Заковат кўчасида шаҳар ҳокимияти томонидан яқинда ўрнатилган ахборот баннерини ўрганиш натижасида келди.

Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни шаҳарда Амир Темур шоҳ кўчасидаги замонавий гастрономик кўчанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Орадан кўп ўтмай, 4 август куни Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов раислигида Республика ишчи гуруҳи иштирокида йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берди. Унда Чирчиқни намунавий ҳудудга айлантириш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда устувор ободонлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу фонда таҳририят эътиборини Заковат кўчасида ўрнатилган лойиҳа баннери тортди. Унда «Наврўз» ва «Ҳамза» маҳаллалари оралиғидаги ҳудуд қандай кўринишга эга бўлиши мумкинлиги акс эттирилган.
Нималар ўзгариши режалаштирилган?
Баннерда келтирилган маълумотларга кўра, гап Заковат кўчасининг қарийб бир километр узунликдаги қисмини комплекс ободонлаштириш ҳақида бормоқда.
Лойиҳада йўл ҳаракатини янги тартибда ташкил этиш, кенг пиёдалар йўлаклари, велосипед йўлаги, замонавий кўча ёритиш тизими, ёмғир сувларини оқизиш тармоғи, кўкаламзорлаштириш, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари ўрнатиш, шунингдек муҳандислик инфратузилмасини янгилаш назарда тутилган.
Пиёдалар учун қулайликка алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳада хавфсиз пиёдалар ўтиш жойлари, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар учун тактил йўлакчалар, автотураргоҳлар ҳамда қулай сайр ҳудудлари кўзда тутилган.
Оддий кўча эмас, балки янги жамоат маскани
Визуал материалларга қараганда, Заковат кўчасини нафақат транспорт йўлаги, балки замонавий жамоат маконига айлантириш режалаштирилмоқда.
Рендерларда савдо павильонлари, кафе ва қаҳвахоналар, дўконлар, декоратив ёритилган сайр хиёбони, яшил ҳудудлар, арт-объектлар, спорт ва ёшлар майдончалари тасвирланган. Шунингдек, велосипед тўхташ жойлари, замонавий шаҳар дизайни элементлари ҳамда ободонлаштирилган сквер ҳам назарда тутилган.
Агар ушбу концепция амалга оширилса, шаҳарнинг мазкур қисми сайр қилиш, дам олиш ва кичик бизнесни ривожлантириш учун янги масканга айланиши мумкин.
Ҳозирча расмий тафсилотлар эълон қилинмаган
Айни пайтда шаҳар ҳокимияти ушбу лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланиши ҳақида алоҳида расмий маълумот бермаган. Бироқ батафсил лойиҳа баннерининг ўрнатилгани концепция аллақачон ишлаб чиқилгани ва жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганидан далолат беради.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, Заковат кўчаси Амир Темур шоҳ кўчасидаги гастрономик маскандан сўнг Чирчиқнинг навбатдаги замонавий ва обод жамоат ҳудудига айланиши, «Наврўз» ва «Ҳамза» маҳаллалари оралиғи эса қулай инфратузилма, дам олиш масканлари ҳамда янги тижорат объектларини ўзида мужассам этган замонавий шаҳар маконига айланиши мумкин.
*Фото: Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
