Аввалроқ 4ir4ik.uz BYD компанияси томонидан Кимёгарлар саройи олдидаги майдонда ўтказилиши режалаштирилган йирик тақдимот ҳақида хабар берган эди. Чирчиқнинг ушбу машҳур маскани яна бир бор қизиқарли ва ёрқин тадбирга мезбонлик қилди.
Кўплаб чирчиқликлар аллақачон ушбу кенг кўламли тадбирда иштирок этиб, автомобиль саноатидаги янгиликлар билан танишишга улгуришди. Аммо агар сиз ҳали бу ҳақда эшитмаган бўлсангиз, ушбу мақола айнан сиз учун.
6 июнь куни Ўзбекистонда DENZA премиал автомобиль бренди расман тақдим этилди. 2010 йилда BYD ва Mercedes-Benz қўшма лойиҳаси сифатида ташкил этилган бренд бугунги кунда BYD’нинг премиал йўналиши сифатида фаол ривожланмоқда ва халқаро бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Тадбир давомида меҳмонларга замонавий технологиялар, юқори даражадаги қулайлик ва нафис дизайнни ўзида мужассам этган DENZA B8 ҳамда DENZA B5 моделлари тақдим этилди. Шунингдек, шаҳар кўчаларида ҳам, мураккаб йўналишларда ҳам ишончли ҳаракатланишни таъминловчи инновацион DMO платформаси ҳақида ҳам сўз юритилди.
DENZA’нинг Ўзбекистонда иш бошлаши мамлакат автомобиль бозори учун муҳим воқеага айланди. Чирчиқ учун эса бу Кимёгарлар саройи олдидаги майдон яна йирик ва эсда қоларли тадбирлар ўтказиладиган масканга айланаётганининг яна бир исботидир.
