Ўзбекистонда давлат хизматчилари СИЗОларда коррупция оқибатлари билан таништирилмоқда

Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига профилактик ташрифлар ташкил этиш бошланди. Ушбу ташаббус коррупциявий жиноятларнинг оқибатларини амалда кўрсатиш ва жазонинг муқаррарлиги ҳақидаги тушунчани мустаҳкамлашга қаратилган.

Лойиҳа Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши тасдиқлаган 2026 йилги ҳаракатлар режаси доирасида амалга оширилмоқда.

Дастлабки иштирокчилар сифатида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарлари ва ходимлари жалб этилди. Ташриф давомида улар тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, коррупциявий жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар билан учрашувлар ташкил этилди. Улар ноқонуний қарорлар натижасида нафақат касбий фаолияти ва жамиятдаги мавқеи, балки оила аъзолари тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатганини мисоллар орқали баён қилдилар.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, бундай тадбирлар давлат хизматчиларида ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигига ҳурматни кучайтиришга хизмат қилади.

Келгусида ушбу амалиётни бошқа вазирлик ва идоралар, шунингдек коррупциявий хавф юқори бўлган соҳалар ходимлари ўртасида ҳам кенгайтириш режалаштирилган. Жараёнларнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида тадбирларга ОАВ ва фуқаролик жамияти вакилларини ҳам жалб этиш кўзда тутилган.

Fikr bildirish