Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқ қабулхоналарининг амалдаги фаолиятини танқид қилиб, барча ходимлар ишдан бўшатилишини эълон қилди. Эндиликда уларга вилоят ва туман ҳокимлари раҳбарлик қилади.
❗️«Қабулхоналар муаммоларни ҳал қилиш эмас, йўллаш билан шуғулланмоқда»
2025 йил 17 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев халқ қабулхоналарининг сўнгги йиллардаги фаолияти самарасиз бўлиб қолаётганини билдирди. 2016 йилда жорий этилган бу тизим халқ муаммоларини ҳал қилиш учун яратилган эди.
«Халқ қабулхоналари аҳолининг дарду ташвишини эшитиб, ечиш ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотлари орасида тақсимлайдиган ‘диспетчерликка’ айланиб қолди», — деди Президент.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда қабулхоналар ва виртуал қабул орқали келган мурожаатларнинг 55% ечилмаган ҳолда қолган.
Жамиятда эса одамлар бевосита ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилишни афзал кўра бошлади. Энг кўп шикоятлар — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, ҳокимликлар, таълим ва экология соҳаларига тегишли.
🔄 Барча ходимлар ишдан олинади, тизим қайта ташкил этилади
Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, барча мавжуд ходимлар ишдан бўшатилади ва уларнинг ўрнига фақат муаммога ечим топа оладиган, садоқатли, ҳалол кадрлар қабул қилинади.
Бундан буён қабулхоналар фаолиятини туман ва вилоят ҳокимлари шахсан бошқаради, ва улар ҳар куни ишни қабулхонадан бошлаб, фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитишга мажбур бўлади.
«Ҳокимлар бир нарсани англаб етишлари керак: бугун туғилган муаммо эртага қолмаслиги керак. Мурожаат бошқа идорага юборилиши эмас, шу ернинг ўзида ҳал қилиниши шарт», — деди Президент.
📈 Янгиланган тизим: кенгроқ ваколат ва ресурслар
Янги тизимни самарали қилиш мақсадида:
- туман ҳокимларининг ваколатлари кенгайтирилади;
- қўшимча маблағ ва ресурслар ажратилади;
- қабулхоналарда инсон манфаати устувор бўладиган иш услуби жорий этилади.
🔙 Тарихга назар
Президентнинг виртуал қабулхонаси 2016 йил сентябрда фаолият бошлаган. 2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган эди. Дастлабки йилларда қабулхоналар халқнинг ишончини қозонган эди.
Бироқ кейинги вақтларда мурожаатлар шunchaki бошқа идораларга йўлланадиган формализмга айлангани ҳақида шикоятлар ортиб борди.
💬 «Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор»
«Агар вазирлар ва ҳокимлар мурожаатдаги муаммони ҳал қила олмаса, одамлар кимга мурожаат қилишлари керак? Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарду ташвиши ва умиди бор — буни унутиш мумкин эмас», — деди Президент Мирзиёев.
Manbaa: gazeta.uz
