OpenAI компанияси ChatGPT Health номли янги тиббий сервисни тақдим этди. У ChatGPT ичидаги махсус бўлим бўлиб, соғлиқ ва тиббиёт мавзулари бўйича мулоқот қилиш учун мўлжалланган.
OpenAI таъкидлашича, сўнгги йилларда фойдаланувчилар сунъий интеллектга тиббий масалалар юзасидан жуда кўп мурожаат қила бошлаган, шу сабабли алгоритмларни қайта кўриб чиқиш ва маълумотлар ҳимояси кучайтирилган алоҳида муҳит яратишга тўғри келган. Бундай саволлар Ўзбекистонда, жумладан Чирчиқ шаҳридаги фойдаланувчилар томонидан ҳам тез-тез берилаётгани қайд этилади.
ChatGPT Health бўлимида тиббий мавзудаги чатлар, файллар ва уланган иловалар бошқа суҳбатлардан алоҳида сақланади ва ИИ моделларини ўқитиш учун фойдаланилмайди. “Соғлиқ” бўлими учун махсус хотира ёзувлари қўлланилиб, тиббий контекст фақат шу маконда қолади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқувчилар алоҳида урғу беради: ChatGPT Health ташхис қўймайди ва шифокор маслаҳатини алмаштирмайди. Ҳозирги пайтда сервис:
-
назарий тушунтиришлар беради,
-
умумий, маълумот характеридаги тавсиялар тақдим этади,
-
ва зарурат туғилганда тиббий мутахассисларга мурожаат қилишни қатъий тавсия қилади.
Сервис устида OpenAI қарийб икки йил давомида 60 та мамлакатдан 260 нафардан ортиқ шифокор билан ҳамкорликда ишлаган. Жавоблар клиник стандартлар асосида, амалий шифокорлар иштирокида яратилган HealthBench баҳолаш тизими орқали текширилади.
Фойдаланувчилар ChatGPT Health’га соғлиқни кузатиш иловаларини, жумладан Apple’нинг тегишли сервисларини улашлари мумкин. Тиббий карта маълумотларини қўшиш имконияти ҳозирча фақат АҚШда мавжуд. Буюк Британия ва Европа Иттифоқи давлатларида сервис ҳали ишга туширилмаган.
Айни пайтда ChatGPT Health’нинг Ўзбекистонда расман мавжудлиги ҳақида маълумот йўқ. Сервис босқичма-босқич жорий этилмоқда ва ҳозирча чекланган миқдордаги фойдаланувчиларга кутув рўйхати орқали очилган. Кейинчалик OpenAI хизмат географиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
