Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар Камбагалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан ишсиз аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида навбатдаги бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Тадбир доирасида шаҳарда фаолият юритаётган 14 та корхона ва ташкилот ўзларида мавжуд бўлган 438 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Бу эса иш излаётган фуқаролар учун турли соҳаларда муносиб иш топиш имкониятини янада кенгайтирди.
Ярмаркага умумий ҳисобда 62 нафар банд бўлмаган фуқаро жалб этилди. Улардаги мутахассислик, тажриба ва қизиқишлардан келиб чиқиб:
- 14 нафар фуқаро доимий иш ўрнига тавсияномалар олди;
- 7 нафар фуқаро эса касб-ҳунарга қайта ўқитиш курсларига йўлланма билан таъминланди;
- қолган фуқароларга бандлик масалалари бўйича батафсил ҳуқуқий ва амалий маслаҳатлар берилди.
Тадбирнинг асосий мақсади – ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, уларнинг меҳнат бозоридаги имкониятларини ошириш ва иқтисодий фаолликка жалб этишдир. Шаҳарда бандликка кўмаклашиш ишлари йил давомида тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
