Ўзбекистонлик олимлар номлари Қуёш тизими харитасида пайдо бўлди

Икки астероидга расман ўзбекистонлик олимлар – Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти ходимлари номлари берилди. Бу ҳақда Халқаро астрономия иттифоқининг Кичик сайёравий жисмларга ном бериш бўйича ишчи гуруҳи расмий бюллетенида эълон қилинди.

Аввал 2001 KA2 сифатида маълум бўлган №131358 астероиди энди Kamolergashev деб номланди. У Камолиддин Эргашев шарафига аталган. Олим астероидларнинг физик хусусиятларини, уларнинг ёруғлик эгри чизиқларини, шунингдек, жуфт астероидлар ва астероидлар оилаларини ўрганиш билан шуғулланади.

Яна бир осмон жисми – №121339 (1999 TO15) астероиди эса расман Otabekburkhonov номини олди. Бу ном олим Отабек Бурхонов шарафига берилган. Унинг илмий фаолияти астероидлар ва ўзгарувчан юлдузларнинг оптик фотометрияси, квазарларни тадқиқ этиш ҳамда Майданак расадхонасида гамма-портлашларни кузатиш билан боғлиқ.

Ҳар икки астероид Чехиянинг Ондржеёв расадхонасида чех астрономлари томонидан кашф этилган. Орадан йиллар ўтиб, улар астрономия ривожига муносиб ҳисса қўшган ўзбекистонлик олимлар шарафига номланди.

Бу воқеа ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг ютуқлари халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилаётганининг яна бир ёрқин исботидир. Умид қиламизки, келажакда космик жисмларга Чирчиқнинг ўз меҳнати, кашфиётлари ва ютуқлари билан шаҳримизни дунёга танитаётган машҳур юртдошларимиз номлари ҳам берилади.

Leave a Reply

Discover more from Chirchik City

Subscribe now to keep reading and get access to the full archive.

Continue reading