Илон Маск асос солган SpaceX компанияси ўзининг Starship ракетаcи билан 10-маротаба муваффақиятли синов парвозини амалга оширди. Бу дунёдаги энг йирик ва кучли ракета ҳисобланади.
Парвоз қандай ўтди
Учиш 26 август куни маҳаллий вақт билан соат 18:30 да Техас штатидаги Starbase космодромидан амалга оширилди.
- Учирилгандан уч дақиқа ўтиб, Super Heavy тезлаткичи муваффақиятли ажралиб, Мексика кўрфазига қўнди.
- Starship космик кемаси парвозни давом эттирди ва 20 дақиқа ўтгач, келажакдаги интернет-спутниклар — Starlink аналоглари бўлган сунъий йўлдош симуляторларини тарқата бошлади.
- Бир соатдан сўнг аппарат Ер атмосферасига қайтиб, Ҳинд океанига қўнди.
Илон Маск ижтимоий тармоқ X орқали табрик йўллади: «SpaceX жамоасига катта раҳмат!»
Starship ракетаcининг ўзига хосликлари
- Бўйи — 122,5 метр.
- Икки босқичдан иборат: 33 та двигатели бор Super Heavy тезлаткичи ва Starship кемаси.
- Тўлиқ қайта фойдаланиладиган тизим сифатида ишлаб чиқилмоқда: ҳар икки босқич ҳам старт майдонига қайтиши ва Mechazilla — механизацияланган қўлли улкан минора ёрдамида ушланиши кутилмоқда.
Мутаҳассисларнинг фикрича, ушбу ғоя амалга ошса, парвозлар анча арзонлашади ва оғир юкларни космосга олиб чиқиш имконияти пайдо бўлади.
Келажакдаги миссияларда аҳамияти
- NASA Starship’ни Artemis III дастури доирасида Ойга космонавтларни тушириш модули сифатида қўллашни режалаштирмоқда.
- Илон Маск эса Starship’ни келгусида Марсга парвоз учун ишлатиш нияти борлигини айтган.
Синовлар ва қийинчиликлар
Жорий йил SpaceX учун осон кечмади: аввалги учта уриниш муваффақиятсиз тугади, июнь ойида эса ракета старт майдонидаёқ портлаб кетди. Аммо августдаги синов парвози лойиҳа тараққиётида муҳим қадам бўлди.
